Chapter 89 - Sura 89

1Фажр билан қасам.

2Ва ўн кеча билан қасам. (Уламоларимиз, ушбу оятдаги ўн кечадан мурод Рамазон ойининг охирги ўн кечаси, уларда Лайлатул қадр кечаси ҳам бор, деганлар.)

3Жуфту тоқ билан қасам.

4Ва юрилган тун билан қасам.

5Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир?!

6Сен Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми?

7Баланд устунли «Ирам»га.

8Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга.

9Ва водийда харсанг тошларни кесган Самудга. ( Роббинг нима қилганини билмадингми?)

10Ва кўп аскарлари бор Фиръавнга. (Роббинг нима қилганини билмадингми?)

11Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар.

12Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирдилар.

13Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди.

14Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир. (У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм қилганларнинг жазосини беради.)

15Бас, қачон инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неъмат берса: «Мени Роббим икром қилди», дейдир.

16Бас, қачон Роббиси синаш учун ризқини тор қилиб қўйса: «Роббим мени хорлади», дейдир.

17Йўқ! Балки Сизлар етимларни икром қилмассизлар.

18Бир-бирингизни мискинларга таом беришга ундамассизлар.

19Ва меросни шиддатла ейсизлар.

20Ва молни кўп яхши кўрасизлар.

21Йўқ! Вақтики, ер зилзилага тушиб парча-парча бўлиб кетса.

22Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келса.

23Ва ўша кунда жаҳаннамни келтирилса, ўша кунда инсон эслайдир. Лекин бу эслашдан энди не фойда?!

24У, афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан, дейдир.

25Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азобла ҳеч ким азобламас.

26Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғламас.

27Эй хотиржам нафс!

28Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!

29Бас, бандаларим ичига киргин!

30Ва жаннатимга киргин!