Chapter 88 - Sura 88

1Батаҳқиқ сенга ғошия хабари келди.

2Ўшал кунда бир чеҳралар қўрқувчидир.

3Улар амал қилуви ва чарчавчидир.

4Улар ўта қизиган оловга кирарлар.

5Улар қайнаб турган булоқдан суғориларлар.

6Уларга тикандан бошқа таом йўқ.

7У на семиртирмас ва на очликни кетказмас.

8Ўшал кунда бир чеҳралар неъматланувчидир.

9Улар ўз ишларидан розидир.

10Улар олий жаннатдадир.

11Унда улар бекорчи гапни эшитмасдир.

12Унда оқиб турган булоқлар бор.

13Унда баланд-баланд сўрилар бор.

14Ва тайёрлаб қўйилган қадаҳлар бор.

15Ва саф-саф тизилган ёстиқлар бор.

16Ҳамма ёққа тўшалган гиламлар бор.

17Улар назар солмасларми; Туянинг қандай яратилганига?

18Ва осмонни қандоқ кўтарилганига?

19Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига?

20Ва ерни қандоқ текислаб қўйилганига?

21Бас, эслатгин, сен, албатта, эслатувчидирсан.

22Сен улар устидан ҳукмингни ўтказувчи эмассан.

23Лекин, ким юз ўгирса ва кофир бўлса.

24Бас, уни Аллоҳ катта азоб билан азоблайдир.

25Албатта уларнинг қайтиши Бизгадир.

26Сўнгра, албатта, уларнинг ҳисоб-китоби ҳам Биздадир.