Chapter 52 - Sura 52

1Тур билан қасам.

2Сатрланган китоб билан қасам.

3Ёйилган терига.(сатрланган)

4Ва обод уй билан қасам.

5Ва кўтарилган билан шифт қасам.

6Ва тўлган денгиз билан қасам.

7Албатта, Роббинг азоби рўй беражак.

8Уни ҳеч бир қайтарувчи йўқдир.

9У кунда осмон ларзага келиб чайқалур.

10Ва тоғлар сайр этиб юрур.

11Бас, ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!

12(Ботилга) шўнғиб ўйнайдиганларга! («вайл» сўзи гоҳида «ҳалокат», гоҳида «дўзах» маъносида ишлатилади ва иккаласи ҳам бу оятга мосдир.)

13У кунда жаҳаннам ўтига (куч билан) итарилурлар.

14Мана бу, сизлар ёлғонга чиқарган ўт бўладир!

15Бу сеҳрми?! Ёки сизлар кўрмаяпсизларми?!

16Киринглар унга! Чидайсизларми, чидамайсизларми - барибир. Қилиб юрган амалларингизнинг жазосини олурсизлар, холос.

17Албатта, тақводорлар жаннатлар ва нозу неъматлар ичидадирлар.

18Роббилари уларга берган нарсалардан лаззатдадирлар. Роббилари уларни жаҳаннам азобидан сақлар.

19Енглар, ичинглар, ош бўлсин. (Булар)қилган амалларингиз учундир.

20Улар қатор тизилган сўриларга ёнбошлаган ҳолдалар. Ва уларни гўзал кўзли ҳурларга уйлаб қўйганмиз.

21Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари уларга иймон билан эргашганларнинг зурриётини уларга қўшдик ва уларнинг амалларидан ҳеч нарсани камайтирмадик. Ҳар бир киши ўз касби гаровидир. (Бу дунёда иймону ислом билан ўтган кишиларнинг агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ уларни оталарига қўшиб қўяр экан. Лекин, шу билан бирга оталарнинг амалидан ҳеч бир нарса камайтирилмас экан. Яъни, болаларига олиб берилиб, уларнинг даражаси тенглатилмас экан. Чунки ҳар ким ўзи қилган касб-амалнинг гаровидир, амали яхши бўлса, оқибати ҳам яхши бўлади. Аллоҳ кўрсатмасин, амали ёмон бўлса, оқибати ҳам...)

22Ва Биз уларга хоҳлаган мевалари ва гўштларини муҳайё қилиб қўйдик.

23Улар унда қадаҳларни бир-бирларига узатурлар. У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ. (Охират шаробида нохуш ишларнинг биронтаси рўй бермас экан.)

24Ва атрофларида худди садафдаги дурдек ғуломлари айланиб, хизматда юришадир.

25Баъзилари бошқаларидан ўгрилиб сўраша бошладилар.

26Албатта, биз илгари ўз аҳлимиз даврасида У зотдан қўрқувчилардан эдик.

27Бас, Аллоҳ бизга марҳамат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади.

28Албатта, биз илгари Унга дуо қилардик. Албатта, Унинг Ўзи яхшилик қилувчи ва раҳмлидур.

29Бас, эслатгин: сен Роббинг неъмати ила фолбин ҳам эмассан, мажнун ҳам эмассан. (Оятдаги «коҳин» сўзини биз фолбин деб таржима қилдик. Аслида, Арабистон ярим оролида коҳин алоҳида тушунчадир. У жинлар билан алоқаси борлигини ва ғойибдан хабар беришни даъво қилувчи шахсдир. Шунингдек, коҳинлар руҳлар, худолар билан ҳам алоқамиз бор дейишади ва баъзан табиблик даъвосини ҳам қилишади.)

30Балки улар:«У шоир, биз унга ўлим етишини кутамиз», дерлар?

31Сен: «Кутинглар, албатта, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчидирман», деб айт.

32Ё ақллари шунга буюрарми ёки улар туғёнга кетган қавмларми?

33Балки, у(Қуръон)ни ўзи тўқиди, дерлар? Йўқ, улар иймон келтирмаслар.

34Агар уларнинг гапи рост бўлса, у(Қуръон)га ўхшаш сўзни келтирсинлар.

35Балки, улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўзлари яралгандирлар?! Ёки улар яратувчиларми?

36Балки, улар осмонлару ерни яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар.

37Балки уларнинг ҳузурида Роббингнинг хазиналари бордир?! Ёки улар бошқарувчиларми?

38Балки уларнинг (хабар) эшитадиган нарвонлари бордир?! Ундоқ бўлса, эшитувчилари равшан ҳужжат келтирсинлар. (Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганлар. Хўш, нимага асосланиб бундай қилишган? Ёки уларнинг осмонга қўйган нарвонлари бор-у унга чиқиб, Муҳаммад Пайғамбар эмас, унга ваҳий юборилаётгани йўқ, деган хабарни эшитишдими? Агар ҳақиқатда эшитган бўлсалар, очиқ-ойдин далил кўрсатсинлар.)

39Ёки У зотга қизлару сизларга ўғилларми?!

40Ёки сен улардан ҳақ сўраяпсан-у, улар тўловдан қийналаяптиларми?!

41Балки уларнинг ихтиёрида ғайб (илми) бўлиб, улар ёзиб олаётгандирлар?!

42Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар?! Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортурлар.

43Балки, уларнинг Аллоҳдан бошқа худолари бордир?! Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок бўлди.

44Агар улар бошларига тушаётган парчани кўрсалар ҳам, тўпланган булут, дерлар.

45Уларни ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. (Мушрик ва динсизларни қиёмат кунигача қўйиб бер, нима қилишса қилишаверсин.)

46У кунда ҳийлалари уларга ҳеч қандай фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

47Ва, албатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмаслар. (Яъни, кофир, золимларга охират азобидан ўзга бу дунёнинг азоби ҳам бор ёки қабр азоби бўлиши ҳам мумкин.)

48Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан, ўрингдан турганингда Роббингга тасбиҳ айт!

49Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт. (Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур. Имом Молик Зуҳрийдан қилган ривоятларида Ибн Матъамнинг отаси айтадики, «Пайғамбар алайҳиссаломни шом намозида «Ват-Тур» сурасини ўқиётганларини эшитдим. У кишидан кўра овози ширинроқ ва қироати яхшироқ одамни кўрмаганман».)