Chapter  50 - Sura 50

1Қоф. Улуғ Қуръон ила қасам.

2Балки уларга ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу ажиб нарса-ку?! (Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келганлигидан ажабландилар.)

3Ўлиб, тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам-а? Бу қайтиш (ақлдан) узоқ-ку?!» дедилар.

4Ҳақиқатда Биз уларни ер камайтираётганини билдик ва Бизнинг ҳузуримизда сақловчи китоб бор. (Ўлик кўмилгандан кейин аста- секин чириб, камайиб тупроққа қўшила боради.)

5Балки уларга ҳақ келганда, уни ёлғонга чиқардилар. Улар изтиробли ишдадирлар. (Улар ҳақни инкор қилганлар. Буни олдида бошқа нарсаларни инкор қилиш ҳач гап эмас.)

6Устиларидаги осмонга назар солмайдиларми? Уни қандай бино қилибмиз, зийнатлабмиз ва унинг тешиклари ҳам йўқ?!

7Ва ерни чўзиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ўстирдик.

8(Роббисига) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма қилиб.

9Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик.

10Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам.

11Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан ўлган шаҳарни тирилтирдик. (Қабрдан) чиқиш ҳам шундай бўладир. (Ўсимликлари қуриб, худди ўлик ҳолига келиб қолган шаҳарларни ёмғир ила ўстириб-тирилтиришни эслатиш орқали инсон худди шу тарзда қайта тирилиши осон эканлигини таъкидламоқда.)

12Улардан аввал Нуҳ қавми, қудуқ соҳиблари ва Самуд ёлғонга чиқарганлар.

13Од, Фиръавн, Лут биродарлари.

14Ва дарахтзор эгалари ва Туббаъ қавми — барчалари Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганлар. Бас, (азоб) ваъдам ҳақ бўлди. (Бу ояти каримада кофирлар фақат Муҳаммад алайҳиссаломнигина ёлғончига чиқаришмагани, балки бу қадимий одати эканлиги эслатилмоқда.)

15Аввалги яратишга ожиз бўлдикми? Йўқ! Улар янгидан яратилишига шубҳададирлар.

16Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам биламиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз.

17Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар.

18У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир.

19Ўлимнинг мастлиги (талвасаси) ҳақиқат бўлиб келди. Сен қочиб юрган нарса шулдир.

20Ва сур ҳам чалинди. Бу қўрқитилган кундир.

21Ва ҳар бир жон ҳайдагувчи ва гувоҳлик берувчи билан келди. (Яъни, қиёматда ҳар бир жон билан уни маҳшаргоҳга ҳайдовчи фаришта ва бу дунёда қилган ишларга гувоҳлик берувчи фаришта бирга келади. Эҳтимол, бу дунёда унга вакил қилинган икки фаришта шулардир.)

22Албатта, сен бундан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сенинг пардангни очдик ва бугун кўзинг ўткирдир.

23Ва унинг «яқини»: «Мана, бу мендаги тайёр нарса», деди.

24Ҳар бир қайсарни, кофирни жаҳаннамга ташланг!

25Яхшиликни ман қилувчини, тажовузкорни, шак келтирувчини!

26Аллоҳ билан бирга бошқани илоҳ қилиб олганни шиддатли азобга ташланг!

27Унинг «яқини»: «Роббимиз, уни мен туғёнга кетгазганим йўқ, лекин унинг ўзи узоқ залолатда бўлди», дер.

28У зот: «Менинг ҳузуримда тортишманглар, сизларга азоб ваъдасини тақдим қилувдим.

29Менинг ҳузуримда гап ўзгармас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи эмасман», деди.

30«Бугун жаҳаннамга тўлдингми?» десак, у: « яна қўшимча борми?» дер.

31Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди.

32Бу сизга ваъда қилинган нарсадир. Ҳар бир сертавбага ва сақловчига.

33Роҳмандан ғоибдан қўрққан ва саломат қалб ила келган кимсасага.

34Унга саломат бўлган ҳолда кирингиз. Бу мангулик кунидир» (дейилди).

35У ерда нима хоҳласалар, уларникидир. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор. (Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: »Агар мўмин киши жаннатда фарзанд хоҳласа, унинг ҳомиласи, туғилиши, ўсиши бир соатда бўлади», деганлар. «Ва ҳузуримизда зиёдаси бор»— Аллоҳ таолонинг жамолига назар солиш бахтидир, деган ривоят ҳам бор.)

36Улардан аввал, улардан кўра кучлироқ асрларнинг қанчасини ҳалок қилдик. «Қочадиган жой борми?» деб юртма-юрт кезиб чиқдилар. (Ҳалокатга учраган ўша аввалги кофирлар авлодлари ҳозиргилардан кўра қувватлироқ эдилар. Аммо чора топа олмай ҳалок бўлдилар.)

37Албатта, бунда қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга эслатма бордир.

38Албатта, осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратдик. Ва Бизни чарчоқ тутмади. (Аллоҳнинг ҳузуридаги кунлар биз ўрганиб қолган кунларнинг айниси эмас. Бизнинг кунларимиз дунё яратилганидан сўнг, ер курасини айланиши ҳолати ва вақтига мувофиқ яратилган. Табиийки, бу олти куннинг масофаси ва миқдорини ёлғиз Аллоҳ таоло билади.)

39Уларнинг айтаётганларига сабр қил ва Роббингга қуёш чиқиши ва ботишидан аввал ҳамду тасбиҳ айт.

40Кечасида ҳам Унга тасбиҳ айт. Ва саждадан кейин ҳам. (Тасбеҳ айтишнинг маъноси Аллоҳни поклаб ёд этишдир. Кўпроқ «Субҳоналлоҳи» калимасини айтиш билан бўлади.)

41Нидо қилувчи яқин жойдан нидо қилган кунда, қулоқ ос. («Нидо қилувчи — фаришта Исрофил алайҳиссаломдир.)

42У кунда қичқириқни ҳақ ила эшитурлар. Ана ўша чиқиш кунидир. («Чиқиш куни»— қабрлардан чиқиш куни, яъни, қиёмат кунидир.)

43Албатта, Биз тирилтирамиз, ўлдирурмиз. Ва қайтиш ҳам Бизгадир.

44У кунда устларидаги ер ёрилиб, шошиб чиқурлар. Ана ўша Биз учун осон тўплашдир.

45Уларнинг айтганларини Биз билувчимиз. Сен уларнинг устидаги жаббор эмассан. Бас, Қуръон ила азоб ваъдамдан қўрққанларни огоҳлантир.