Part 7

 

82Яҳудий ва ширк келтирганларни иймон келтирганларга нисбатан одамларнинг ашаддий адоватлиси эканини топасан. Улардан иймон келтирганларга дўстликка яқинроғи, биз насоролармиз, деганлар эканини топасан. Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг такаббурлик қилмасликларидандир. (Бу уч тоифа мусулмонларга муносабатда иккига бўлинади. Биринчиси–мусулмонларга нисбатан ашаддий адоватли тоифа бўлиб, улар яҳудий ва мушриклардан иборатдир. Иккинчи тоифа–мусулмонларга нисбатан, бошқа кофирларга қараганда, дўстликка яқинроқ тоифа бўлиб, улар насоролардан иборатдир.)

83Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин.

84Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» дерлар. (Яъни, мазкур насоролар, Аллоҳга ва ундан келган ҳақ дин бўлмиш Исломга иймон келтирмасликни, тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар.)

85Айтганларига яраша Аллоҳ уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шулдир.

86Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар–ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир.

87Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас.

88Ва Аллоҳ сизгаризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг. ( Ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига–шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув–ҳаддан ошиш ҳисобланади.)

89Аллоҳ сизларни бехуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутар. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки шукр қилсангиз. (Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Худдики, қасам бир ҳиссий нарсаю уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш–айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни, қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.)

90Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.

91Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади. Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.)

92Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримиз вазифаси аниқ етказиш, холос.

93Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севадир.

94Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ ундан ким ғойибона қўрқишини билиш учун сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етадиган овларда бир оз синаб кўради. Бундан кейин ким тажовуз қилса, унга аламли азоб бор.

95Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ авф қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом оладир. Зотан, Аллоҳ азиз, интиқом эгасидир. (Демак, «овда синаб кўриш» деганда, мусулмон кишига эҳромдалик ҳолида ов қилиш ҳаром эканлиги тушунилади. Зотан, ҳаж ва умра ибодати мусулмон киши учун кўптомонлама синов саналади. Жумладан, молу мулк сарфлашга тайёрми-йўқми экани, жисмоний қийинчиликларга дош бера оладими, ўзини шаҳватдан, турли фаҳш гап-сўзлардан тийишга қурби етадими-йўқми–булар синалади.)

96Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг.

97Аллоҳ Каъбани–Байтул Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди. Бу эса, Аллоҳ албатта осмонлару ердаги нарсаларни билишини ва албатта Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зот эканини билишингиз учундир.

98Билингки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир ва, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

99Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор қилганингизни ҳам, яширганингизни ҳам биладир.

100Сен:«Агар нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, пок билан нопок тенг бўла олмас, эй ақл эгалари, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деб айт.

101Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади. Агар Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга зоҳир бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни авф қилган эди. Аллоҳ мағфиратли ва ҳалим зотдир. (Ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор. Ислом воқеълик дини бўлганидан, маърифат учун бериладган саволлар ҳам воқеъликдан келиб келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеъликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан нима ва кимга фойда бор? Айниқса, Қуръон нозил этилиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бордир.)

102Сиздан олдин ҳар бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса, уларга кофир бўлган эди.

103Аллоҳ баҳийра, соиба, васийла ва ҳоммларни қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқирлар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар. (Бешинчи бўталоқ урғочи туғилса, она туянинг қулоғини тилиб, белгили қилиб қўйиб юборилар ва у «баҳийра» деб айтилар эди. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, бундай туянинг гўштини ейиш, сутини ичиш, ўзини миниш ёки устига юк юклаш ҳаром ҳисобланарди. «Баҳийра» деб қўйиб юборилган туя эркин ҳолда юраверар, унга биров тегмас эди.«Соиба» луғатда «қўйиб юборилган» маънони англатиб, бир киши сафардан келгани, касалдан тузалгани учун назр қилган туяга айтиларди. «Васийла» луғатда «уловчи» маъносини англатиб, бирин-кетин улаб урғочи бола туққан қўйга айтиларди. Уни ҳам сўймас эдилар.«Ҳомм» эса, луғатда «ҳимоя қилувчи» маъносини англатиб, урғочи ҳайвонларга қочириш учун қўйиладиган эркак ҳайвонга айтилади. Жоҳилий араблар бир эркак ҳайвон ўнта урғочини қочирса, уни «ҳомм» деб атар эдилар ва унга ҳам алоҳида муносабат кўрсатилар, минилмас, юк юклатилмас эди.)

104Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!

105Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас. Ҳаммангизнинг қайтиб борадиган жойингиз Аллоҳнинг ҳузурида. Ўшанда сизга қилиб юрган ишларингизнинг хабарини берадир. (Аллоҳнинг шариатида юрмай кофир бўлаётганларга ваъз-насиҳат, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, уларни тўғри йўлга солиш учун қўлингиздан келган ҳаракатни қилдингиз. Аммо улар кўнмадилар, айтганингизни қабул қилмадилар. Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг. Кофирларнинг қилмишлари сизни турли хаёлларга олиб бормасин, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар.)

106Эй иймон келтирганлар! Бирортангизга ўлим келганда–васият қилар чоғида ўзингиздан бўлган икки адолатли киши, агар ер юзида сафардалик чоғингизда ўлим мусибати етса, ўзгалардан икки киши ўртангизда гувоҳ бўлсин. Агар шубҳа қилсангиз, гувоҳларни намоздан кейин тутасиз ва улар: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», деб Аллоҳ номи ила қасам ичадилар.

107Агар икковларининг гуноҳлари билиниб қолса, ўринларига устиларига ноҳақлик тушган яқинлардан иккиталари ўтадилар ва Аллоҳ ила қасам ичиб: «Бизнинг гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳликларидан тўғрироқ ва биз тажовуз қилмадик. Агар қилган бўлсак, албатта, золимлардан бўламиз», дерлар.

108Ана шундай қилмоқлик, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига ёки қасамларидан сўнг раддия қасам бўлишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. (Яъни, юқоридаги икки оят кўрсатмаларига амал қилмоқлик, аввало, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига яқинроқдир. Намоздан кейин кўпчилик ичида Аллоҳ номи билан қасам ичтирилиб, сўнгра: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», дейишлари ҳақиқатан ҳам ҳаққоний гувоҳлик беришларига кучли омил бўлади. Боз устига, улар яна бир нарсадан қўрқиб туришади. Агар юқорида айтилган ишлардан кейин ҳам хиёнат қиладиган бўлсалар, меросхўрлардан икки киши раддия қасами ила уларни фош қилишлари, шарманда бўлишлари эҳтимоли бор. Шундан қўрқиб ҳам ўзларига ишонилган вазифани виждонан адо этадилар. Булар ҳаммаси эҳтиёт чоралари. Аммо гувоҳликни ҳаққоний адо этишнинг асосий таянчи тақводир.)

109Аллоҳ Пайғамбарларни жамлаган кунда: «Сизга қандай жавоб қилинди?» деб сўрайдир. Улар: «Биз билмайсмиз, албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни яхши билгувчисан», дерлар.

110Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни эсла. Сени муқаддас руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катталигингда ҳам гапирганингни эсла. Сенга китобни, ҳикматни, Тавротни ва Инжилни ўргатганимни эсла. Менинг изним ила лойдан қуш шаклини ясаганингда ва унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни тузатганингни эсла. Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла. Бани Исроилга аниқ мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деганида, сени улардан қутқарганимини эсла», деганини ёд эт! (Ушбу оятда Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни барча Пайғамбарлар ҳузурида, масаланинг бош қаҳрамони Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ўзларига эслатиш билан тасдиқламоқда. Аввало, насоролар «худо» деб эътиқод қилаётган Ийсонинг волидаси бор экан. Худонинг эса, онаси бўлиши мумкин эмас. Дунёга келишда онага муҳтож бўлган шахс Худо бўла олмайди. Иккинчидан, Ийсо ибн Марямга ҳам, унинг волидаси Марям бинти Имронга ҳам Аллоҳ неъмат берган экан. Бошқанинг неъматига муҳтож шахслар Худо бўлиши мумкин эмас. «Муқаддас руҳ» Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. «Гапириш» деганда эса, Аллоҳга даъват, Пайғамбарлик гаплари назарда тутиляпти. Одамларнинг оддий гапларидек гап бўлганида, бунча гувоҳлар ҳузурида ҳужжат сифатида келтирилмас эди. Агар бешикда гапирганинг ёки доимо Пайғамбарларга хос гапирганинг учун сени «худо» деб эътиқод қилишаётган бўлса, бу нарса сени Мен Жаброил билан қўллаганим ва у орқали ўз сўзларимни юбориб турганимдан эканлигини билсинлар.)

111Ҳаворийларга: «Менга ва Менинг Пайғамбаримга иймон келтиринг», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик ва шоҳид бўл, биз албатта, мусулмонлармиз» деганини эсла! (Ҳаворийлар, Ийсо алайҳиссаломга ихлослари зўр, дин иши учун бутунлай ажралиб чиққан инсонлар эди. Ийсо алайҳиссаломга ҳақиқий кўмакчи бўлган кишилар ҳам ўшалар. Бу оятдаги «ваҳий юборганимда» деган сўзлардан Пайғамбарларга юбориладиган ваҳийни тушунмаслик керак. Араб тилида, Қуръон истилоҳида «ваҳий» сўзи «илҳом» маъносида ҳам ишлатилади.)

112Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира оладими?» деганларида, у: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деганини эсла.

113Улар: «Ундан емоқни, қалбларимиз таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истаймиз», дедилар.

114Ийсо ибн Марям: «Эй бор Худоё! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди.

115Аллоҳ: «Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман. Бас, бундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни оламларда ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблагайман», деди. (Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм, мўъжиза келгандан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади.)

116Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?» деганини, у эса: «Эй пок Зот, ҳаққим йўқ нарсани мен айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмайман. Албатта, Сен Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан.

117Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса; Аллоҳга менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилингдан, бошқани айтганим йўқ. Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. (Яъни, қилган ишлари, айтган гаплари ва бошқа нарсаларига гувоҳ бўлдим. Жумладан, сенинг амрингни қанақа қабул қилишларига гувоҳ бўлдим. Менинг улар ичида бўлган вақтимдаги гаплар шулардан иборат. Мен худолик даъвосини қилганим йўқ. Мендан кейин нима бўлганини Ўзинг биласан.)

118Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла.

119Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди. (Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир.)

120Осмонлару ер ва улардаги нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Ва У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

Chapter 6 (Sura 6)

1Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар.

2У сизларни лойдан яратган, сўнгра ажални белгилаб қўйган зотдир. Белгиланган ажал эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак келтирасиз.

3У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир. Қилган касбу корингизни ҳам биладир.

4Мудом уларга ўз Роббилари оятларидан бир оят келса, ундан юз ўгирувчи бўлдилар.

5Уларга ҳақ келганда уни ҳам ёлғонга чиқардилар. Тезда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келадир. (Юқоридаги оятларда сифатлари зикр қилинган мушриклар Аллоҳ таолодан уларга ҳақиқат, яъни, ҳақ дин, ҳақ китоб, ҳақ Пайғамбар ва ҳақ шариат келганида, бурунги саркашликларини ишга солиб, уни ҳам ёлғонга чиқардилар.)

6Улардан олдин қанча асрларни ҳалок қилганимизни билмасларми? Ўшаларга ер юзида сизларга бермаган имконларни берган эдик. Осмондан устларига барака ёмғири юборган ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган қилиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик. («Аср» сўзи юз йиллик муддатни англатишини биламиз. Бу ерда ўша муддат орасида яшаган одамлар кўзда тутилмоқда. Инсон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолиб, ўтмишга ибрат ила назар солишни унутиб қўяди.)

7Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар. (Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар, Қуръони Каримнинг оғзаки шаклда нозил бўлиб турганинг ўзи ҳам етар эди. Ҳақиқатни истаганлариданми? Йўқ, уларда бундай мақсад йўқ.)

8Улар: «Агар унга фаришта туширилса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш битди ҳисоб. Сўнгра уларга қараб турилмас.

9Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари мушкуллаштирган нарсани уларга яна ҳам мушкуллаштирар эдик. (Кофир-мушриклар одам-Пайғамбарга ишонмай, уни тасдиқловчи фаришта ҳам тушишини даъво қилиб, ишни мушкуллаштирдилар. Шу билан бирга, улар фаришталар ҳақидаги тасаввурни ҳам, фаришталар–аёл, улар Аллоҳнинг қизларидир, деган ақида билан мушкуллаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг Пайғамбарликни тасдиқ этиш учун фаришта тушириш иддиолари қондирилса, улар учун мушкулот яна ҳам оғирлашган бўлар эди. Яъни, улар эътиқод қилганларидек, осмондан Пайғамбарни тасдиқлаш учун юборилган фаришта аёл сувратида бўлмас эди. Буни кўрган мушриклар фаришта бўлса, аёл бўлиши керак эди, бу ҳам бошқа бир нарса шекилли, деб турли хом хаёллар билан чалғир эдилар.)

10Сендан олдинги Пайғамбарлар ҳам истеҳзо қилинганлар. Уларни масхара қилганларни қилган истеҳзолари ўз домига тортган.

11Сен:«Ер юзида сайр қилингиз, сўнгра (Пайғамбарларни) ёлғончи қилувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солингиз», деб айт.

12Сен:«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» деб айт! «Аллоҳники», деб айт! У Ўзига Ўзи раҳматни ёзиб қўйган. Сизларни бўлишида шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ўзига ўзи зиён келтирувчиларгина, ўшаларгина иймон келтирмаслар.

13Кечада ва кундузда сокин бўлганлар Уникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.

14Сен:«Аллоҳдан ўзгани валий-дўст қилиб оламанми? У осмонлару ерни яратгувчидир. У таом беради ва таомланмайди», деб айт. Сен:«Мен аввалги таслим бўлувчи бўлмоққа амр қилиндим ва менга ҳеч мушриклардан бўлмагин, деб айтилди», деб айт.

15Сен:«Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», деб айт.

16Ким ўша куни ундан четланса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳ унга раҳм қилибди. Ана ўша аниқ ютуқдир.

17Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, унинг ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ. Агар у сени яхшиликка оладиган бўлса, бас, у ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу дунёда хоҳласа зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.)

18У бандалари устидан ғолибдур. У ҳикмат эгаси ва ҳар бир нарсадан хабардордир.

19Сен:«Қайси нарса энг катта гувоҳликдир», деб айт. «Аллоҳ», деб айт. У мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръонни, унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди. Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа худолар бор», деб гувоҳлик берасизларми? «Мен гувоҳлик бермайман», деб айт. «Албатта, У битта илоҳдир ва мен сиз келтираётган ширкдан покдирман», деб айт. (Аллоҳни қўйиб ўзларига ўзга валий тутганларга бошқа нарсалар ҳам гувоҳлик бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбаримизга (с.а.в.) гувоҳ ҳақида савол беришни амр қилди. Демак, баҳсли масалага Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳакам бўлди. Унинг Ўзи гувоҳ бўладиган бўлди. Унинг шаҳодати Қуръони Каримдир. Мазкур баҳсли масала ҳам унда бор. Демак, кимга ушбу Қуръон етиб борган бўлса, унга гувоҳ муқаррар келган ҳисобланади. Ушбу гувоҳга–Қуръонга амал қилмаса, унинг огоҳлантиришидан ҳушёр тортмаса, азобга дучор бўлади.)

20Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Улар ўзларига зиён қилганлардир, ана ўшалар иймон келтирмаслар.

21Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар.

22Ҳаммаларини жамлайдиган, сўнгра ширк келтирганларга: «Сиз худо деб гумон қилган шерикларингиз қани?» деб айтадиганимиз кунни эсла.

23Сўнгра, Роббимиз Аллоҳга қасамки, мушрик бўлмаган эдик, дейишдан бошқа фитналари бўлмас. (Боқий дунёда кўпчилик наздида сўроққа тутилганларида ва ҳамма нарса аниқлангандан сўнг ҳам мушриклар қасам ичиб, ўзларини ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, ширк келтирмагандек тутишади.)

24Назар сол! Улар ўзларини қандай алдарлар ва тўқиб юрган нарсалари улардан қандай йўқолди.

25Улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Биз уни фаҳмламасликлари учун қалбларига парда ва қулоқларига тўсиқ қилиб қўйдик. Барча оятларни кўрсалар ҳам, улар иймон келтирмаслар. Ҳатто олдингга сен билан тортишувга келганларида куфр келтирганлар: «Бу ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», дерлар.

26Ва улар (одамларни) ундан қайтарадилар ва ундан узоқлашадилар. Улар сезмаган ҳолларида ўзларини ҳалок қиладилар, холос.

27Дўзах устида тўхтатилганларида: «Қани энди (у дунёга) қайтарилсак эди, Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсанг эди.

28Йўқ! Ундай эмас. Улар олдин махфий тутган нарса ўзларига ошкор бўлди, холос. Агар улар ( дунёга) қайтарилсалар ҳам, ўзлари ман қилинган нарсага қайтарлар ва, албатта, улар ёлғончилардир.

29Улар: «Ҳаёт–бу дунё ҳаёти, холос, биз қайта тирилтилмасмиз», дедилар.

30Аллоҳнинг ҳузурида тўхтатилганларида, У: «Мана шу ҳақ эмасми?!» деганида, «Роббимизга қасамки ҳақдир», деганларини, У: «Бас, куфр келтирганингиз учун азобини чекинг», дейишини кўрсанг эди.

31Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. То тўсатдан қиёмат келиб қолганда, устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», дейдилар. Улар орқалаган нарса қандай ёмон-а!

32Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми? (Дунё ва охират илоҳий мезон билан ўлчаняпти. Аллоҳнинг эътиборида бу дунё ҳеч нарсага арзимайди ва у дунёга солиштирганда ҳеч нарсага айланиб қолади.)

33Сени, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар.

34Сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, улар то нусрат келгунча ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Батаҳқиқ, сенга Пайғамбарларнинг хабари келган.

35Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамларди. Ҳаргиз жоҳиллардан бўлма. (Ояти каримада Пайғамбаримизга, агар қодир бўлсалар, мушрикларни ишонтириш, иймонга келтиришга ярайдиган оят-мўъжизани ерни кавлаб кириб бўлса ҳам, осмонга шоти қўйиб чиқиб бўлса ҳам, келтириш таклиф этиляпти. Аммо кофирлар оят-мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётгани йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қиляптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари эса, бир оз қўрқитишга, яна бирлари тарғибот ишларига эҳтиёж сезади. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, шу қадар баҳона топаверадилар.)

36Албатта, тинглай оладиганларгина қабул қилурлар. Ўликларни эса Аллоҳ тирилтирур ва сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурлар.

37Улар: «Унга Роббидан бир оят-мўъжиза тушса эди?» дерлар. Сен: «Албатта, Аллоҳ оят-мўъжиза туширишга қодирдир», деб айт. Лекин кўплари билмаслар.

38Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар. (Ояти каримада ердаги ва осмондаги жонзотлар ҳам, инсонлар каби, умматлар экани таъкидланмоқда. Яъни, уларнинг ҳаётларида ҳам тирикчилик, оила, туғиш, кўпайиш сингари инсонларга хос ишларда ўхшаш жиҳатлар бор. Уларни ким бундай қилиб яратди? Уламолар мисол қилиб кўпинча асалари ва чумолини келтирадилар. Мутахассисларнинг фикри билан танишган одам бу икки умматнинг жамоа ҳаёти Аллоҳнинг қудратидан эканлигига тан бермай иложи йўқ.)

39Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар кар ва соқовлардир. Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирар ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир.

40Сен:«Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтинг-чи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки қиёмат соати келганда Аллоҳдан бошқага дуо қиласизларми?

41Йўқ! Фақат Унгагина дуо қиласиз. У эса, хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берадир. Сиз эса ширк келтираётган нарсангизни унутарсиз», деб айт.

42Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган Бундан, шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган.)

43Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди.

44Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида,уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. (Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.)

45Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

46Уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради», дегин. Биз оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишига назар сол.

47Уларга: «Аайтинг-чи, агар сизга Аллоҳнинг азоби бирданига ёки очиқчасига келса, золим қавмларгина ҳалок қилинадилар-ку!» деб айт.

48Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар.

49Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни фосиқлик қилганлари учун азоб тутадир.

50Сен:«Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман. Ғайбни биламан ҳам, демайман. Ва яна сизларга, мен фариштаман, ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт. Сен:«Кўр билан кўзи ўткир тенг бўла оладими? Ўйлаб кўрмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар (с.а.в.) меросхўрлари бўлмиш уламолар динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ни, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар.)

51У билан Роббиларига тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга Ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки тақводор бўлсалар.

52Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма. («Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар (с.а.в.) бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбарнинг (с.а.в.) зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари–ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбарнинг (с.а.в.) ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар (с.а.в.) улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар.)

53«Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?» дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларини баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми? (Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми–синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми–синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синалади.)

54Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт.

55Шундай қилиб, жиноятчиларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларни муфассал баён қиламиз.

56Сен:«Мен Аллоҳни қўйиб, сиз ибодат қилаётганларга ибодат қилишдан қайтарилганман», деб айт. Сен:«Мен сизнинг ҳавойи нафсларингизга эргашмайман. Зеро, адашган бўламан ва ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан», деб айт.

57«Албатта, мен Роббимдан берилган аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар уни ёлғонга чиқардингиз. Сиз шошилтираётган нарса менда йўқ. Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У ҳақни аниқлайди. У ажрим қилувчиларнинг энг яхшиси», деб айт. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) даъватларини, эътиқодларини, амалларини «очиқ ҳужжатлар» асосида олиб бормоқдалар. Бу очиқ ҳужжатлар ердан чиққани йўқ, балки осмондан тушган. Мушрик-кофирларнинг эса, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар Роббиларини ёлғонга чиқариб қўйганлар.Мушриклар шошилтираётган нарса эса–талаб қилинган мўъжиза келгандан сўнг азобни тушириш. Бу иш Пайғамбарнинг илкидаги иш эмас. Унинг имкони ҳам йўқ, вазифасига ҳам кирмайди.)

58Сен:«Агар сиз шошилтираётган нарса менинг ҳузуримда бўлса эди, мен билан сизнинг орангизда иш аллақачон битган бўлар эди. Аллоҳ золимларни яхши билгувчидир», деб айт.

59Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир. («Очиқ китоб»дан мурод–Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам билади, дегани Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.)

60У кечаси сизни вафот этдирар. У кундузи қилган касбингизни билар. Сўнгра белгилаган ажал тугал бўлиши учун У (кундузи)да сизни қайта тирилтирар. Сўнгра қайтиб боришингиз Унинг Ўзигадир. Сўнгра нима қилиб юрганингизнинг хабарини берар.

61У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Қачонки бирортангизга ўлим келса, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирарлар.

62Сўнгра ҳақиқий хўжалари–Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир. Ва У энг тезкор ҳисоб-китоб қилгувчидир.

63Сен:«Сизни қуруқлигу денгизнинг зулматларидан қутқарадиган ким? Унга тазарруъ қилган ҳолда ва махфий ҳолда, агар мана шундан бизни қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлар эдик, дейдиганингиз ким?» деб айт.

64Сен:«Сизни улардан ва барча ғамлардан Аллоҳ қутқарар. Сўнгра эса, сиз ширк келтирасиз», деб айт.

65Сен:«У сизга устингиздан ёки оёғингиз остидан азоб юборишга, турли фирқаларга аралаштириб юборишга, баъзиларингизга баъзиларингизнинг азобини тотдиришга қодирдир», деб айт. Оятларимизни қандай тасарруф қилишимизга назар сол. Шоядки англаб етсалар. (Кофир-мушрикларнинг устидан юбориладиган азобга Лут қавмига ва Фил эгаларига юборилган азобларни мисол келтирадилар. Оёқ остидан юбориладиган азобга Қорунни ер ютиши ва тўфон балоси мисол қилиб келтирилади. Одамлар фирқаларга бўлингандан кейин, ҳар фирқа аъзолари ўз фирқаларига таассуб қилиб, бир-бирига шафқатсиз равишда зулм ўтказишга, азоб беришга қаттиқ уринади. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар кўплаб бўлган ва ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.)

66Қавминг уни ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки у ҳақдир. Сен:«Мен сизларга вакил эмасман.

67Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар», деб айт. (Кофирлар Қуръонни ёлғонга чиқармоқдалар. Аммо бу билан у ёлғонга айланиб қолмайди. Чунки ҳақиқий баҳо берувчи зот «Ҳолбуки, у ҳақдир», демоқда.)

68Оятлармизни (истеҳзо қилишга) шунғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шунғигунларича улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг, золим қавмлар билан ўтирма! (Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса, ўша кофирлар мажлисда Аллоҳнинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) «золим қавмлар»–мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.)

69Тақво қиладиганлар зиммасида у «мушрик»ларнинг ҳисобидан ҳеч нарса йўқ. Лекин эслатма бор. Шоядки тақво қилсалар.

70Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У (Қуръон) ила эслатгин, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, Аллоҳдан ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга ва барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушиб қолмасин. Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир. Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир. (Ўз динларини ўйин қилиб олганлар, динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинни алдаб, ўйин-кулгу қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.)

71Сен:«Аллоҳни қўйиб на фойда, на зарар бера олмайдиган нарсаларга ибодат қиламизми? Худди оғайнилари, бу ёққа кел, деб ҳидоятга чақириб турган бўлса ҳам, шайтон адаштириб, ер юзида ҳайрон бўлиб қолганга ўхшаб, Аллоҳ бизни ҳидоятга солгандан кейин орқамизга қайтамизми?» деб айт. Сен:«Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир. Оламларнинг Роббига таслим бўлишга амр қилинганмиз», деб айт. (Булар эътиқодда, ибодатда, ихлосда, таслимда, розилик тилашда ва амрни адо этишда турли нарса ва шахсларни Аллоҳга шерик қиладиганларга айтиладиган гаплардир. Бу хитоб уларнинг виждон ва ақлларига очиқчасига мурожаатдир.)

72Намозни қоим қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг! У сизлар ҳузурига тўпланадиган зотдир.

73У осмонлару ерни ҳақ ила яратган зотдир. «Бўл», деган куни бўладир. Унинг гапи ҳақдир. Дуд чалинадиган куни мулк Уникидир. У ғайбни ҳам, шоҳидни ҳам билувчи зотдир. Ва У ҳакийм ва хабардор Зотдир. (Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зот. Бу масала–ҳақ. Бошқа гап-сўз ёки тахминлар ҳаммаси бекор. Ушбуларни яратган Зот учун қиёматни қоим қилиб, ҳамма одамларни ўз ҳузурида жамлаб, ҳисоб-китоб қилиши ва мукофот ёки жазо бериши жуда ҳам осондир. Яъни, қиёмат куни. Дуд сурнайга ўхшаб чалинадиган асбоб бўлиб, ўша асбобни Исрофил (а.с.) чалганларидан сўнг қиёмат қоим бўлади. Шунинг учун ҳам қиёмат куни дуд чалинадиган кун деб ҳам номланади.)

74Иброҳимнинг отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла. (Иброҳим (а.с.) соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Иброҳим (а.с.) отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди. Бу тушунчани уларнинг юзига очиқчасига айтди.)

75Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатамиз. (Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз.)

76Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди.

77Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди.

78Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди.

79Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (Бу иқрор Иброҳимнинг (а.с.) мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари,–ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани–фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.)

80Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?

81Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!» деди. (Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?!)

82Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир.

83Ана ўшалар Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир. (Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим (а.с.) тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди.)

84Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.

85Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир.

86Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. (Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ишорат билан, бошқа ўн саккиз Пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда. Иккинчи гуруҳда зикр қилинган Пайғамбарлар: «Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс»лар (а.с.) тарки дунё, зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада: «Ҳаммалари аҳли солиҳлардандир», ибораси ила васф қилинаётир. Зотан, ҳамма Пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт Пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.)

87Ва уларнинг оталаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам ҳидоят қилдик. Уларни танлаб олдик ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилдик.

88Ана ўша Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшани унга йўллайдир. Агар улар ширк келтирсалар, қилган ишлари, албатта, бехуда кетадир.

89Ана ўшалар биз уларга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берган зотлардир. Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз.

90Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамайман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос», деб айт. (Зикр қилинган Пайғамбарлар (а.с.) Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Аллоҳдан келган ҳидоят эса, доимо эргашиш зарур бўлган нарсадир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) иқтидо қилишлари лозим ҳидоят ҳам шу ҳидоятдир. Кишилар даъват қилинадиган ҳидоят ҳам шу.)

91Улар, Аллоҳ башарга ҳеч нарса туширгани йўқ, деганларида, Аллоҳни тўғри тақдирламадилар. Сен:«Мусо кишиларга ҳидоят ва нур этиб олиб келган, уни сиз қоғозга тушириб олиб, баъзисини зоҳир, кўпини махфий қилган; ва сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсаларни сизга ўргатган китобни ким туширди?!» деб айт. «Аллоҳ» деб айт. Сўнгра уларни тек қўй, шунғиган нарсаларида ўйнайверсинлар. (Нима учун Тавротни Мусога Аллоҳ нозил қилганини тан оладилар, бироқ Қуръонга келганда, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган йўқ, дейдилар?! Ёки Таврот ҳам нозил бўлмаганми?! Йўқ, ундай эмас,«Таврот»ни Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий китоб, деб биладилар. Яҳудийлар Тавротни ёзиб олишгач, ундан ўзларига мувофиқ ўринларни одамларга кўрсатишар, мувофиқ келмаган ўринларини эса, махфий тутишар эди.)

92Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро ( шаҳарлар онаси )ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар. (Уммул Қуродан, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.)

93Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, менга ваҳий келди, деган ёхуд, Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан, деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми? Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди. (Кофир мушриклар Пайғамбарни (а.с.) инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)

94Худди сизларни дастлаб халқ қилганимиздек, ҳузуримизга якка-якка келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирдингиз. Сизлар ўзингизча шерик деб ўйлаган шафоатчиларингизни кўрмаяпмиз?! Батаҳқиқ, ораларингиз узилди. Сиз даъво қилган нарса ғойиб бўлди.

95Албатта, Аллоҳ донни ҳам, данакни ҳам ёрувчи зотдир. У ўликдан тирикни чиқарадир ва тирикдан ўликни чиқаргувчидир. Ана шундай Аллоҳдир. Сиз қаёққа бурилиб кетяпсиз?!

96У субҳни ёритгувчи зотдир. У тунни сукунат, қуёш ва ойни ҳисоб қилиб қўйди. Бу эса, ғолиб ва яхши билгувчи зотнинг ўлчовидир. (Тунни инсон, ҳайвонот, наботот ва жамодот олами учун ором олгувчи сукунат қилиб қўйган ким?! Нима учун сукунат фақат тунгагина хосдир? Хўш, буни ким қилди? Ўз-ўзидан бўлиши мумкин эмас-ку. Инсон ҳар куни тунга киради, унинг сукунатидан таскин топади, ором олади. Аммо, буни ким қилди, деб сўраб кўрмайди.)

97У сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни қилиб қўйган зотдир. Биладиган қавмлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз.

98У сизларни бир жондан яратган Зотдир. Бас, (у жон) қарор топадиган жойда (она раҳмида) ёки сақлаб қўйиладиган жой (ота сулби)дадир. Яхши англайдиганлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз. (Эркак бўлсин, аёл бўлсин, даставвал ҳаммаси ота сулбида сақланиб туради. Сўнгра она раҳмига–бачадонга ўтади, у ердан жой топади ва шундан кейин дунёга келади. Бу ишни ким қилади? Албатта, Аллоҳ таоло қилади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Агар бирор зот қила олса, айтсин! Албатта, инсон ўзидан-ўзи дунёга кела олмайди. Ушбу ҳақиқатни ўйлаб кўрган ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг биру борлигига қоил қолмай иложи йўқ. Фақат, бу оддий ҳақиқатни англаш учун фаҳм керак, онг керак, холос.)

99У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у(сув ) ила турли набототлар чиқардик: Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир.

100Улар жинларни Аллоҳга шерик қилдилар. Ҳолбуки, у ҳаммаларини яратган зотдир. Илмсиз ҳолда унга ўғиллар ва қизлар ясадилар. У улар васф қилган нарсалардан пок ва олий бўлди. (Жинларда инсонлардан бошқача–ғайри табиий баъзи сифатлар борлигини билгач, уларда илоҳий сифатлар бўлса керак, деб гумон қилдилар ва Аллоҳга ширк келтирдилар. Ислом ақидасидан ўзга ақидаларда ушбу нарса бор, десак муболаға бўлмайди.)

101У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. Унинг хотини бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У ҳамма нарсани Ўзи яратди ва У ҳамма нарсани яхши билгувчидир.

102Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. У ҳар бир нарсанинг Яратгувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинг. У ҳар бир нарсага вакилдир!

103Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва хабардор зотдир. (Аллоҳ кўзларни бу дунё ашёларини кўриш учун яратган. Шу вазифаларини бажарадилар, холос. Аммо имконларидан ташқари нарсани бажаришга қодир эмаслар. Кўзлар маълум масофадаги нарсаларни кўради. Ундан узоқдагисини кўра олмайди. Бу эса, ўша маълум масофадан наридаги кўзга кўринмаган нарса йўқдир дегани эмас. Балки кўз уни кўра олмаганидандир.)

104Сизга Роббингиздан «кўз очувчи»лар келди. Кимки кўрса, ўзига яхши. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зарар. Мен сизларга қўриқчи эмасман. (Биз «кўз очувчи»лар деб таржима қилган сўз Қуръони Карим истилоҳида «басоиру», деб келган. У «басийра» сўзининг жамъи бўлиб, бир нарсани кўриб, уни англаб етишга далолат қилувчи ҳодисага айтилади. Аллоҳ Ўзининг биру борлигига, Пайғамбарининг ва динининг ҳақлигига далолат қиладиган «кўз очувчи» нарсаларни юбориб қўйганини айтмоқда.)

105Шундай қилиб, дарс олгансан, дейишлари учун ва билган қавмларга баён қилишинг учун оятларни тасарруф қилурмиз.

106Сенга Роббингдан ваҳий қилинган нарсага эргаш. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. Мушриклардан юз ўгир.

107Агар Аллоҳ хоҳласа, ширк келтирмас эдилар. Биз сени уларга қўриқчи қилганимиз йўқ. Ва сен уларга вакил ҳам эмассан.

108Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, у қилиб юрган ишларининг хабарини берур. (Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Яъни, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам жавобан Аллоҳ субҳонаҳу таолони таҳқирлашига сабаб бўлади.)

109Улар агар бирон оят-мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида Аллоҳнинг номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар. Сен: «Албатта, оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузурида», деб айт. Сизга нима билдирди? Эҳтимол оят келса ҳам, улар иймон келтирмаслар.

110Худди аввал иймон келтирмаганларидек, қалблари ва кўзларини буриб қўярмиз ва туғёнларида довдираган ҳолларида тек қўярмиз.