Part 20

 

56Унинг қавмининг жавоби: «Лут аҳлини юртингиздан қувиб чиқаринг, чунки улар покиза бўлишни хоҳлаган кишилардир», дейишдан бошқа нарса бўлмади. (Ифлосликка ботиб қолган бу қавм покликни масхара қилиб, покиза одамларни камситиш йўлига ўтди. Уларни дунёда ҳеч ким қилмаган ифлосликдан қайтариб, покланишга, инсон номига доғ туширмасликка чорлаган Аллоҳнинг Пайғамбари Лутни алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларни айнан покликлари учун юртларидан ҳайдаб чиқармоқдалар.)

57Бас, Биз унга ва хотинидан бошқа аҳлига нажот бердик. У(хотин)нинг азобда қолгувчилар ичида бўлишини тақдир қилдик.

58Ва уларнинг устларига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг азоби қандай ҳам ёмон бўлди. (Ва жиноятчи Лут қавмининг устидан тош ёғдирдик. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар. Огоҳлантиришларга қарамай, жиноятда бардавом бўлганларнинг оқибати шундай бўлади.)

59Сен:«Аллоҳга ҳамд бўлсин ва у танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин.

60Ёки осмонлару ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган зотми? Бас, Биз у(сув) билан гўзал боғлар ўстирдик. Сиз ўзингиз унинг дарахтини ўстира олмас эдингиз. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар ўзлари тенглаштирадиган қавмдирлар.

61Ёки ерни қароргоҳ этган, унинг узра анҳорлар қилган, унга тоғлар қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар. (Икки денгиз–денгиз ва дарёдир. Бирининг суви иккинчисига қуйилади, аммо аралашиб кетмайди: дарёнинг чучук суви шўр, денгизнинг шўр суви чучук бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ уларнинг ўртасига табиий тўсиқ тортиб қўйган.)

62Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!

63Ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан олийдир. (Одамлар доимо қуруқлик ва денгизда сафар қилиб келади. Кўзланган манзилларга етиш учун турли йўллардан юришади. Иложини қилиб, ўша жойни топиб боришади. Хўш, ўша сафарларда йўл топиш қобилиятини инсонга ким берди? Йўлни аниқлашда ёрдам берадиган ақл, кўз, қулоқни-чи? Турли белгиларга, юлдузларга, асбобларга қараб йўл топишни унга ким ўргатди? Сохта худоларми? Ёки Аллоҳ таоломи? Албатта, Аллоҳ таоло.)

64Ёки аввал-бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадан яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган зот яхшими? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатингизни келтиринг», дегин. (Аслида, йўқ инсонни бор қилиб, аввал-бошда яратган ким? Бут-санамларми, жин ва фаришталарми, мушриклар худо деб юрган бошқа махлуқларми? Инсонни охиратда қайтадан яратадиган ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи.)

65Сен:«Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар. (Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким — на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди.)

66Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, улар ундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар ундан кўрдирлар. Кофирлар охират илмидан хабардормикин? Йўқ, била олмайдилар. Улар охират нима эканини билиш у ёқда турсин, охиратнинг бўлиш-бўлмаслигига аниқ ишонмайдилар. Балки у хусусдаги масалада кўрдирлар, ҳеч нарсани кўрмаслар.

67Куфр келтирганлар: «Биз ва ота-боболаримиз тупроқ бўлганимиздан кейин, яна чиқариламизми?!

68Батаҳқиқ, бу бизга-да, ота-боболармизга-да олдин ҳам ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа ҳеч нарса эмас», дедилар.

69Сен: «Ер юзида сайр қилинглар ва жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар», деб айт.

70Сен улар ҳақида ғам чекма ва қилаётган макрларидан сиқилма ҳам.

71Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўладир?» дерлар.

72Сен: «Сиз келишига ошиқаётган нарсанинг баъзиси ортингизга мингашиб олган, бўлса ажаб эмас», деб айт. (Яъни, ўша ваъдалар шундоққина ортингизда турибди, аммо сиз сезмаяпсиз, холос. Дарҳақиқат, ғайбни ким билади? Эҳтимол, беш дақиқадан сўнг азоб, қиёмат ёки қайта тирилиш рўй берар, эҳтимол, ундан кўпроқ ёки озроқ вақт қолгандир. Ким билади буни?! Аллоҳ таоло бу ишларни хоҳлаган лаҳзасида содир этишга қодир.)

73Албатта, Роббинг одамларга нисбатан фазлу марҳамат соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмаслар.

74Ва, албатта, Роббинг уларнинг диллари беркитган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам билур.

75Осмону ерда ҳеч бир ғайб нарса йўқ, илло у очиқ-ойдин китобда бордир.

76Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилофлар қилаётган нарсаларнинг кўпини айтиб берадир.

77Албатта, у (Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир.

78Албатта, Роббинг улар ўртасида Ўз ҳукми ила ажрим чиқарур. У азиз ва билгувчидир.

79Бас, сен Аллоҳга таваккал қил. Албатта, сен очиқ-ойдин ҳақдадирсан.

80Албатта, сен ўликларга эшиттира олмассан, ортга қараб қочаётган карларга ҳам чақириқни эшиттира олмайссан.

81Сен кўрларни залолатдан ҳидоятга солгувчи эмассан. Сен фақат мусулмон бўлган ҳолларида оятларимизга иймон келтирадиганларгагина эшиттира олурсан. (Кофирлар ўлик, кар бўлиш билан бирга, кўр ҳамдир. Сен, эй Пайғамбар, у кўрларни адашиб юрган йўлларидан қайтариб, тўғри йўлга ҳидоят қила олмассан.)

82Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир. (Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз–қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.)

83Биз ҳар умматнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганларидан бир гуруҳини тўплаган кунда улар жамланиб-тизилиб туришар.

84Токи улар келиб бўлгач, У зот: «Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқардингизми?! Уларни пухта англамай туриб-а? Йўқса, нима қилган эдингиз?» дейдир.

85Ва уларга зулм қилганлари сабабли сўз(ланган азоб) тушар. Бас, улар сўзлай олмаслар.

86Биз сокинлик топишлари учун кечани, кўришлари учун кундузни қилганимизни кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун ибратлар бордир.

87Сур чалиниб, Аллоҳ хоҳлаганидан бошқа осмонлардаги кимсалар ва ердаги кимсалар даҳшатга тушган кунда ҳамма У зотга бўйин эгиб келурлар.

88Тоғларни кўриб, қимирламай турибди деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат куни шундай даҳшатлики, кўзимизга энг салобатли, виқорли, мустаҳкам бўлиб кўринадиган улуғвор тоғлар ҳам жойидан кўчиб, титилиб, булутдай сузиб юради. Уларни кўрган одам, жойида турибди, деб ўйлайди, аслида эса, улар булутдек сузиб кетаётган бўлади.)

89Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур. Ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар.

90Ким ёмонлик қилса, бас, юзтубан дўзахга ташланурлар ва: «Сизларга фақат қилган амалларингиз жазоси берилмоқда, холос», (дейилур).

91Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим.

92Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим). Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин.

93Сен:«Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

Chapter 28 (Sura 28)

1То. Сийн. Мийм.

2Ушбулар очиқ-ойдин китоб оятларидир.

3Иймон келтирадиган қавм учун сенга Мусо ва Фиръавннинг хабаридан ҳақ ила тиловат қилиб берамиз.

4Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У (ўша ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди. (Ушбу ояти каримадаги: «Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди», дегани Фиръавн бутун ер юзига ҳоким бўлган экан, деган маънони эмас, балки Миср ерида «баланд кетди»–такаббурлик қилди, туғёнга кетди, ҳаддан ошди, каби маъноларни беради. Ўзи ҳоким бўлган ер аҳолисини бўлиб ташлаш ҳар бир фиръавннинг одати.)

5Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни ва уларни ворислар қилишни.

6Ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.

7Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик. (Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ –» эмизавер» ва «дарёга ташла», иккита қайтариш–«қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат–«уни сенга қайтарамиз» ва «Пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.)

8Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар.

9Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.

10Мусонинг онасининг қалби бўшаб қолди. Мўминлардан бўлиши учун қалбини мустаҳкам боғламаганимизда, уни билдириб қўйишига сал қолди.

11У(она) у(Мусо)нинг опасига: «Изидан бор», деди. Бас, уни бир четдан кўрди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.

12Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик. Бас, (опаси): «Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди.

13Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар. (Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. Оятда таъкидланишича, бундан қуйидаги учта мақсад кўзланган эди: 1. Мусо алайҳиссалом ила оналарининг кўзлари қувониши. 2. Онанинг ўғли Мусо алайҳиссалом фироқи ила хафа бўлмаслиги. 3. Мусонинг алайҳиссалом оналари Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билишлари. Чунки аввал Аллоҳ таоло у аёлга, Биз уни сенга қайтаргувчимиз, деб ваъда берган эди. Ана ўша ваъдасини ҳақ ила амалга оширди. Ҳа, Аллоҳ таоло нимани ваъда қилса, уни албатта бажаради. Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар.)

14Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз. (Биз «вояга етиб» деб таржима қилган «балаға ашудда» иборасини араблар жисмоний жиҳатдан вояга етиш, «мукаммал бўлганида» деб ўгирган «итаво» сўзини ақлий жиҳатдан камолга етиш, деб тушунадилар. Ҳазрати Ибн Аббос (р.а.): «Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, мукаммал бўлиш ўттиздан қирққача», деган эканлар.)

15Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди. (Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми–Бани Исроилдан, иккинчиси душман–Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусодан алайҳиссалом қибтийга қарши ёрдам сўрар эди. «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.)

16У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

17У: «Эй Роббим, менга берган неъматнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деди.

18Бас, у эрталаб шаҳарда қўрққан ҳолида, аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган яна ёрдам сўраб қичқириб қолди. Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деди.

19Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди, у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби, мени ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истайсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди.

20Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди.

21Бас, хавфсираб, аланглаган ҳолда у ердан: «Эй Роббим, менга золим қавмлардан нажот бергин», деб чиқди.

22Қачонки Мадян томон юзланганида: «Шоядки Роббим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса», деди.

23Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У:«Сизларга не бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар.

24Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди. (Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркак кишилик бурчи, деб билдилар. Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри худо, деб яна Роббул Оламийнга илтижо қилиб: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дедилар.)

25Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди. (Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар. Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.)

26Икки (қиз)дан бири: «Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди.

27У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди.

28У (Мусо): «Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», деди.

29Қачонки, Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлга тушиб кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди. У аҳлига: «Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди. (Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда, Сийна ярим оролидаги Тур тоғига яқинлашганда, тоғ томонда узоқдан бир олов ёниб турганини кўрдилар.)

30Бас, қачонки унинг олдига етиб келганида, водийнинг ўнг томонидан, муборак жойдан, дарахтдан унга: «Эй Мусо, албатта, Мен, Ўзим, оламларнинг Робби Аллоҳдирман.

31Ва асонгни ташла», деб нидо қилинди. Қачонки унинг катта илон каби қимирлаётганини кўргач, қарамасдан ортга қочди. «Эй Мусо, бери кел, қўрқма, албатта, сен омонликдагилардансан» (дейилди). (Бу ҳол ҳақиқатда ажойиб эди. Бепоён саҳродаги тоғнинг ўнг томонида, муборак бир жойда Аллоҳ таоло фариштани ҳам ўртага қўймай, Мусога алайҳиссалом бевосита ўзи нидо қилмоқда. Бу жой ҳақиқатда ҳам муборак бир жой эди. Бу пайт, шубҳасиз, муборак бир пайт эди. Бу нидо ҳақиқатда ҳам муборак бир нидо эди.)

32«Қўлингни ёқангдан (қўлтиғингга) суқ, бирон нуқсонсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қўрқувда қанот(қўл)ингни ўзингга тортиб ол. Бас, шу иккиси Роббингдан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Албатта, улар фосиқ қавм бўлдилар» (дейилди).

33У: «Эй Роббим, мен улардан бир жонни ўлдирганман, улар мени ўлдиришларидан қўрқурман.

34Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юбор, мени тасдиқлайдир. Зеро, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман», деди. (Мен улардан бани исроиллик билан уришаётган қибтийни билмасдан, нохосдан ўлдириб қўйганман. Фиръавн аъёнлари мени ўлдириш учун тил бириктираётганларида қочиб кетганман. Энди яна кириб борсам, уларнинг эски адовати қўзиб мени ўлдириб қўйсалар, диний даъват иши нима бўлади, деб қўрқаман. Менинг тилимда бир оз дудуқлик бор, оғам Ҳорун эса, тили бурро одам. Кофирлар билан тортишувларда иш беради. Уни ҳам мен билан бирга Пайғамбар қилиб юбор. У ҳам мен билан бирга Пайғамбар бўлиб, мени тасдиқласин.)

35У зот: «Биз сени оғанг билан қувватлаймиз ва икковингизга бир салтанат берурмизки, улар сизга етиша олмаслар. Бизнинг оятларимиз ила иккингиз ва сизга эргашганлар ғолибдирсиз», деди. (Демак, Мусо ва Ҳорун алайҳиссалом ҳамда уларга эргашганлар ғолиб бўлишлари турган гап. Ғалабага эришиш учун Аллоҳнинг оятлари билан ҳаракат қилинса, бас. Шундай ҳаракат бўлди ҳам.)

36Бас, қачонки Мусо уларга очиқ-ойдин оятларимиз ила келганида, улар: «Бу уйдирма, сеҳрдан бошқа нарса эмас. Аввалги ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаган эдик», дедилар. (Кўзларига кўриниб турган мўъжизани, кўзбўямачилик, сеҳрдан ўзга нарса эмас, у уйдирмадир, дедилар. Аллоҳнинг Пайғамбарига қарши, Аллоҳнинг мўъжизаларига қарши бундай гапни айтишга бирор далил-ҳужжатлари бормиди? Албатта, йўқ эди.Ота-боболаридан эшитмаганлари учун Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончи қилиб, мўъжизасани сеҳр дейишлари тўғрими?! Уларнинг ота-боболари ким эди ўзи? Дунёнинг охиригача бўладиган нарсаларни кўрсатиб кетишганми?!)

37Ва Мусо: «Роббим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёри оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билгувчи зотдир. Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди. (Куфр келтириб, Аллоҳнинг Пайғамбарини инкор этиб, Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини сеҳр деб зулм қилганлар нажот топмаслар.)

38Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсай. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди. (Худолик даъвосида бўлган аҳмоқ фиръавнлар ўйламай, оғзига нима келса гапираверади. Вазирига нимани хоҳласа, буюраверади. Ҳомон лойга ўт ёқиб ғишт пишириб, ўта баланд қаср қурармиш, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Аллоҳ осмонда сенинг чиқишингга қараб турадиган зотмиди?! Сенга ўхшаган ифлос Аллоҳнинг даргоҳига бора олармиди?! Осмон сенга ўхшаш бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган бир нарса-ку, нима учун Аллоҳни осмон билан чегаралаб қўймоқчисан?! Ушбу саволлар ҳам ўзини худо санаётган Фиръавнинг нақадар эси паст эканини тушунишга ёрдам беради. Ўша эси паст махлуқ ўзининг аҳмоқона гапи билан Аллоҳ юборган Пайғамбар Мусони алайҳиссалом ёлғончига чиқармоқда.)

39У ва унинг аскарлари ер юзида ноҳақдан такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмайдилар деб гумон қилдилар.

40Бас, Биз уни ва унинг аскарларини тутдик ва денгизга отдик. Энди золимларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол.

41Ва уларни дўзахга чақирадиган пешволар қилдик. Қиёмат куни эса, уларга ёрдам берилмас. (Ахир, бу дунёдан ноҳақ такаббурлик қилиб, дўзахга даъват бўйича пешволик билан ўтган бўлсалар, уларга қандай қилиб ёрдам берилиши мумкин?)

42Ва бу дунёда уларга лаънатни эргаштириб қўйдик. Қиёмат куни эса, улар (раҳматдан) йироқ қилинганлардандирлар.

43Батаҳқиқ, Биз аввалги асрларни ҳалок қилганимиздан сўнг Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат қилиб китобни бердик. Шоядки улар эсласалар.

44Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан. ( Эй Муҳаммад! Мусога Пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда Тур тоғининг ғарбий томонида йўқ эдинг. Бу ишга гувоҳлардан ҳам бўлмагансан.)

45Лекин Биз бир неча асрларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик.

46Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида йўқ эдинг. Лекин Роббингдан раҳмат сифатида сендан олдин огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун (қиссаларни сенга билдирдик). Шоядки эсласалар. (Яъни, Биз Мусога Тур тоғининг ёнида нидо қилганимизда сен у ерда йўқ эдинг. Аммо Биз у ерда бўлиб ўтган қиссани сенга билдирдик. Бу иш сендан олдин огоҳлантиргувчи-Пайғамбар келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингнинг сенга берган раҳматидир. Шоядки ушбу қиссалар таъсирида улар эслашлари лозим бўлган нарсаларни эсга олсалар.)

47Агар уларга қилмишлари туфайли мусибат етганида: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар эдик ва мўминлардан бўлар эдик», демасалар эди.

48Қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ келганида, улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дедилар. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтирмаган эдиларми?! Улар: «Икки сеҳр ўртага чиқди, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар бирига куфр келтиргувчимиз», дедилар. (Ҳа, Муҳаммаддан (с.а.в.) илгари улар Мусога алайҳиссалом тушган нарсага ҳам куфр келтирган эдилар. Энди бўлса, Муҳаммадга (с.а.в.) иймон келтирмасликларига Мусога алайҳиссалом берилган нарсага ўхшаш нарса у кишига берилмаганини сабаб турибдилар. Улар «икки сеҳр» деб Таврот билан Қуръонн назарда тутишяпти. Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир, улар бирга ўртага чиқиб, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар иккисига ҳам куфр келтирувчилармиз, дейишяпти.)

49Сен:«Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.

50Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавои нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. (Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавои нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавои нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!)

51Батаҳқиқ, Биз уларга гапни етказиб қўйдик. Шоядки эсласалар.

52У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар. (Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.)

53Уларга тиловат қилинган чоқда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар.

54Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар.

55Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз», дедилар.

56Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир. (Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охирзамон Пайғамбарининг (с.а.в.) ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот (с.а.в.) бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунга Расули Акрам (с.а.в.) қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса, бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди.)

57Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз еримиздан юлиб олинамиз», дедилар. Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар.

58Биз маишатлари ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Бас, анавилар, уларнинг масканлари, улардан кейин маскан қилинмади, илло, озгинаси, холос. Ва Биз ўзимиз ворис бўлиб қолдик.

59Роббинг шаҳар-қишлоқларни то улар орасига уларга оятларимизни тиловат қиладиган Пайғамбар юбормасдан туриб ҳалок қилувчи бўлмаган. Биз шаҳар-қишлоқларни фақат аҳли золим бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлганмиз. (Аллоҳ таолонинг одати шуки, инсонларга жон, ақл-идрок бериб қўйса ҳам, яна Пайғамбар орқли огоҳлантирмасдан туриб уларни ҳалок қилмайди. Пайғамбарни қачон ва қаерга юборишни ўзи билади. Мана, Макка аҳлига ҳам Пайғамбар келмаган эди. Энди Муҳаммадни (с.а.в.) юборди. У кишини фақат Макка аҳлига эмас, балки барча макон ва замонларга огоҳлантиргувчи Пайғамбар қилиб юборди.)

60Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?

61Биз унга гўзал ваъда қилган, кейин ўшанга эришувчи киши бу ҳаёти дунё матоҳини берганимиздан сўнгра қиёмат куни (азобга) ҳозир қилинганлардан бўлган киши каби бўлармиди?! (Бу ояти каримада мўмин билан кофир бир-бирларига солиштириб кўрсатилмоқда. Бир томонда мўмин киши. Унга Аллоҳ таоло мўминлиги учун бу дунёда гўзал яшашни, у дунёда гўзал жаннатга эга бўлишни ваъда қилган. Иккинчи томонда кофир киши. Аллоҳ таоло унга ҳаёти дунёнинг озгина матоҳини берган. Кейин у дунёда азоблаш учун дўзахни тайёрлаб қўяди. Хўш, шу икки кишини ўзаро тенг дея оламизми? Албатта, йўқ!)

62У зот уларни чақирган кунида: «Сиз даъво қилган Менинг «шерик»ларим қани?!» дейдир.

63Устиларига сўз(ланган азоб) тушиши ҳақ бўлганлар: «Эй Роббимиз, анави йўлдан оздирганларимизни ўзимиз йўлдан озганимиздек оздирганмиз. Сенга ўзимизни оқладик. Улар бизга ибодат қилган эмаслар», дерлар.

64Ва: «Менинг «шерик»ларимни чақиринглар», дейилур. Улар чақирадрлар. Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар. Ва, азобни кўрурлар. Кошки, ҳидоят топган бўлганларида эди! (Қани, у дунёда ибодат қилиб юрган худоларини энди чақирсинлар, уларга ёрдам беришсин. Ҳозир ёрдам беришмаса, қачон ёрдам беришади? Мушриклар Аллоҳга шерик қилган сохта худоларини чақирадилар. «Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар». Бу дунёда жавоб бера олмаган сохта худолар у дунёда жавоб бера билармиди? Демак, мушрикларнинг умидлари узилди. Ана шунда улар «азобни кўрурлар».)

65У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларга нима деб жавоб бердингиз», дер.

66Ана ўша кунда хабарлар улардан махфий бўлур ва улар бир-бирларидан сўрай олмаслар ҳам.

67Аммо тавба қилганлар, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кишилар шоядки нажот топгувчилардан бўлсалар.

68Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир.

69Ва Роббинг уларнинг қалблари яшираётган нарсаларни ҳам, ошкор қилаётган нарсаларни ҳам билур.

70У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.

71Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизга ёруғлик келтира олур? Эшитмайсизларми?!» деб айт.

72Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиганингиз кечани келтира олади?! Кўрмайсизларми?!» деб айт.

73У зот Ўз раҳмати ила сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва ўз фазлидан талаб қилишингиз учун пайдо қилди. Шоядки шукр келтирсангиз.

74У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Сизлар даъво қилган «шерик»ларим қани?» дейдир.

75Ва ҳар бир умматдан бир шоҳид чиқариб: «Ҳужжатларингизни келтиринг!» дегаймиз. Бас, улар ҳақ Аллоҳга эканини билурлар ва ўзлари уйдириб юрган нарсалари ғойиб бўлур. (Қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳар умматнинг Пайғамбарини гувоҳ сифатида чиқариб олиб, умматларга, менинг шеригим борлиги ҳақида қилган даъволарингизга ҳужжатларингизни келтиринг, дейди. Уларнинг ўзлари ўйлаб топган сохта худолари ғойиб бўлиб қолади. Ана ўшанда шармандалари чиқади.)

76Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас. (Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни, Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.)

77Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар. (Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.)

78У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас.

79Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатда у улуғ насиба эгасидир», дедилар. (Молу дунёсига ишониб мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган, ношукр одамга фақат ҳаёти дунёни ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчига ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси, дейиши мумкин.)

80Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар.

81Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик.Унга Аллоҳ (азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади. (Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.)

82Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга ютгизар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар. (Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди.)

83Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Ўша илмлилар айтган охират диёрини ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларнинг ер юзида бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади.)

84Ким бир яхшилик келтирса, унга у(яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор. Ким бир ёмонлик келтирса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазоланурлар. (Яъни, яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади. Ёмонлик эса, ўз ҳолича жазога тортилади. У кўпайтирилмайди.)

85Сенга Қуръонни фарз қилган зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир. Сен: «Роббим ҳидоят келтирган шахсни ҳам ва очиқ-ойдин гумроҳликдаги шахсни ҳам яхши билгувчидир», деб айт. (Сен она юртингдан ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлаётганингдан ўкинма. Сенга Қуръон тиловати ва унга амал қилишни фарз қилган зот–Аллоҳ, албатта, сени қайтар жойга–Маккага яна қайтаргувчидир.)

86Сен ўзингга китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (тушди). Бас, ҳаргиз кофирларга ёрдамчи бўлма.

87Ва сени улар ҳаргиз сенга туширилган Аллоҳнинг оятларидан тўсмасинлар. Роббингга даъват қил. Асло мушриклардан бўлма.

88Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз. (Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.)

Chapter 29 (Sura 29)

1Алиф. Лом. Мийм.

2Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.)

3Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.

4Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!

5Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.

6Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.

7Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз.

8Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман.

9Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни солиҳлар қаторига қўшурмиз.

10Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?! (Бундай одамлар, иймон калимасини айтсак бўлди, ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади, ҳеч қандай ёмонлик етмайди, деб тасаввур қиладилар. Одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азоби деб билади. Чидай олмай, турли ҳолатларга тушади ва иймондан қайтади.)

11Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур.

12Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: »Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик«, дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир.

13Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар. (Оятдаги «юк»дан мурод гуноҳдир. Албатта, кофирлар гуноҳлари юкини кўтарадилар, шу билан бирга, ўз иғволари билан йўлдан урган одамларнинг гуноҳларини ҳам кўтарурлар. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар.)

14Ва, батаҳқиқ, биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди. (Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозусида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлгани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур умрузоқлик оддий бир ҳол экани билинади.)

15Бас, Биз унга ва кема соҳибларига нажот бердик ва у(кема)ни оламларга оят-белги қилдик.

16Ва Иброҳимни (юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Бундай қилишингиз, агар билсангиз, сиз учун яхшидир. (Иброҳим алайҳиссалом қавмларига илоҳий даъватни жуда содда қилиб тушунтирдилар. Аллоҳга ибодат қилинглар, бошқага эмас, Аллоҳдан қўрқинглар, бошқадан эмас, дедилар. Демак, қиладиган ҳар бир ишингиз Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлсин. Ҳар лаҳзада Аллоҳга тақво қилиб туринг. Ана шунда мақсадга эришасиз.)

17Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қилмоқдасиз ва уйдирмалар тўқимоқдасиз, холос. Албатта, Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз сизга ризқ беришга молик эмаслар. Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз», деди.

18Агар сизлар ёлғончи қилсангиз, бас, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончи қилганлар. Пайғамбар зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ.

19Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. (Ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло турли мавжудотларни йўқдан бор қилаётгани кўрилади. Дунёда пайдо бўлаётган ҳар бир янги нарсани Аллоҳ таоло яратаётгани аниқ. Буни тушуниб етмоқ лозим. Ўша янги пайдо бўлаётган махлуқотлардан, мавжудотлардан энг кичигини, энг соддасини, энг оддийини ҳам одамзот ярата олмайди. Барча инсонлар тўпланиб уринсалар ҳам, бу ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Бу ҳам тажрибадан ўтган ҳақиқат. Инсон энди шу ҳақиқатни тан олиши лозимки, ана ўша барча махлуқотларни йўқдан бор қилган зотга уларни қиёматда яна қайта тирилтириш жуда ҳам осон. Чунки йўқдан бор қилган зотга борни қайтариш ҳеч гап эмас.)

20Сен:«Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

21Кимни хоҳласа, азоблайдир, кимни хоҳласа, раҳм қиладир. Унгагина қайтарилурсизлар.

22Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас», деб айт. (Cиз ер юзида ҳам, кўкда ҳам Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Унга қайтиб боришингиз, жазоингизни олишингиз турган гап.)

23Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор. (Ҳа, бу дунёда фақат кофиргина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Чунки у ўзининг кофирлиги туфайли Аллоҳ билан бўлган алоқасини узади. )

24Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.

25У: «Сизлар, албатта, ҳаёти дунёдаги ўзаро маваддатингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат кунида баъзингиз баъзингизга куфр келтирурсиз ва баъзингиз баъзингизни лаънатларсиз. Ва жойингиз дўзахдир. Ҳамда сизга нусрат бергувчилар бўлмас.

26Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди. (Яъни, Иброҳимга алайҳиссалом Лут иймон келтирди. Лут алайҳиссалом Иброҳимга алайҳиссалом жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳимга алайҳиссалом иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, Иброҳимга алайҳиссалом хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар. Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳимда алайҳиссалом ҳам, Лутда алайҳиссалом ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган.)

27Биз унга Исҳоқни ва Яқубни бахш этдик ва Пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида бўладиган қилдик. Унга бу дунёда ажрини бердик. Албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.

28Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз.

29Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади.

30У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди. (Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳишачи қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳимга алайҳиссалом фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.)

31Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар.

32У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берамиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар.

33Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. (Лутнинг алайҳиссалом Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лутни алайҳиссалом шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)

34Албатта, Биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар.

35Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз. (Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг жиноятлари оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб кўрмоқда.)

36Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила харакат қилиб юрманг», деди. (Шуайб алайҳиссалом ҳам, Иброҳимнинг алайҳиссалом зурриётларидан чиққан араблардандирлар.)

37Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.)

38Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар.

39Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни (ҳам ҳалок қилдик). Батаҳқиқ, Мусо уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Бас, улар ер юзида мутакаббирлик қилдилар ва қочиб қутулгувчи бўлмадилар.

40Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар.

41Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.)

42Албатта, Аллоҳ улар ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азиз ва ҳаким зотдир.

43Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас. (Ҳа, Аллоҳ таоло келтираётган мисолларни ақлли кишиларгина тўла тушуниб етадилар. Ундан ўзларига ибрат оладилар. Ақлсизлар эса, бу мисолларни тушуниш ўрнига Макка мушриклари каби: «Муҳаммаднинг Робби пашша ва ўргимчакни гапириб юрибди», деб масхара қиладилар.)

44Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир.

45Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни, тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбарга (с.а.в.) намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади.)