Part 13

 

53Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди..

54Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди. (Подшоҳга Юсуфнинг (а.с.) пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.)

55У:«Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди. (Юсуф а.с. подшоҳга, мен хазинани қандай муҳофаза қилиш–сақлаш ва уни қандай тасарруф қилишни билувчиман, дедилар. Туш таъбирига кўра, Миср ўлкаси келажакда худди шундай сифатларни мужассам қилган одамга муҳтож эди.)

56Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз.

57Иймон келтирган ва тақво қилганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқ бўлур.

58Юсуфнинг оға-инилари келдилар ва унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди. Улар эса, уни танимадилар. ( Юсуфнинг (а.с.) ҳусни тадбирлари ва Аллоҳ берган имконларни ишга солишлари Миср аҳли қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкалар улардан озиқ-овқат сўраб кела бошлади. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуфнинг (а.с.) оға-инилари ҳам шу ёққа келишди.)

59Уларнинг жиҳозларини юклаган вақтда: «Менинг ҳузуримга ота бир инингизни олиб келинг. Кўраяпсизларми? Мен ўлчовни тўла қилмоқдаман ва мен энг яхши мезбонман.

60Агар уни ҳузуримга олиб келмасангиз, унда сизга менинг даргоҳимда ўлчаб бериш йўқ ва менга яқин ҳам келманглар», деди. ( Юсуф (а.с.) уларга сўраган нарсаларини–озиқ-овқатни ҳам бердилар. Жўнаб кетишларидан олдин молларини юклаш, йўлга тайёргарлик кўриш пайтида, янаги сафар ота бир иниларини ҳам олиб келишни тайинладилар.)

61Улар: «Уни отасидан сўраб олиб келишга уринамиз. Биз бу ишни, албатта, қилурмиз», дедилар.

62У ўз йигитларига: «Уларнинг сармояларини юклари ичига солиб қўйинглар. Шояд улар аҳлларига борганларида буларни таниб, қайтиб келсалар», деди.

63Оталари ҳузурига қайтиб борганларида: «Эй отамиз, бизга ўлчаб бериш ман этилди. Биз билан инимизни юбор, ўлчаб оламиз ва, албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.

64У: «Уни сизларга худди акасини ишонганимдек ишониб топширайми? Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг энг раҳмлигидир», деди.

65Юкларини очган пайтда, сармояларининг ўзларига қайтарилганини билдилар. «Эй отамиз, яна нима истаймиз? Мана, сармояларимиз ўзимизга қайтарилибди. Яна аҳлимизга зод келтирурмиз, укамизни муҳофаза қилиб, бир туя зиёда (юк) ўлчови оламиз. Бу озгина ўлчовдир», дедилар.

66У: «Токи менга, албатта, ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васийқа бермагунингизча, уни зинҳор сиз ила юбормасман. Магар (ҳалокатга) ўралиб қолсангиз, бошқа гап», деди. Унга васийқаларини берганларида, у: «Айтган гапларимизга Аллоҳ вакилдир», деди.

67У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмасман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», деди. (Яъқуб (а.с.) ўғилларига манзилга етганларида шаҳарга бир эшикдан эмас, бўлиниб, турли эшиклардан киришларини насиҳат қилдилар. У зот Аллоҳнинг белгилаган тақдирини ўзгартириб бўлмаслигини яхши билар эдилар.)

68Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Магар Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди. Лекин кўпчилик одамлар билмаслар. (Яъни, ўғиллар кўзлаган манзилга етиб борганларида оталари насиҳатига амал қилиб, ҳаммалари бир эшикдан эмас, турли-турли эшиклардан кирдилар. Аллоҳ тақдир қилган нарса бир эшикдан кирсалар ҳам, турли эшикдан кирсалар ҳам, албатта, бўларди. Буни Яъқубнинг (а.с.) ўзлари ҳам яхши билардилар. Аммо шунга қарамай, ўғилларига турли эшиклардан киришни насиҳат қилишлари «Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос». Яъни, кўнглига бир айтиб қўйиш тушиб, айтиб қўйди, холос. Бу ерда бошқа ҳеч қандай сир-асрор йўқ. Гапни кўпайтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бу ҳақиқатларни Яъқубнинг (а.с.) ўзи жуда яхши билади.)

69Юсуфнинг олдига кирганларида, у инисини ўзига яқин жойлаштирди ва: «Мен акангман, улар қилган нарсалардан хафа бўлма», деди. (Улар Юсуфнинг (а.с.) ҳузурларига кирган вақтларида, у зот меҳмонларни яна яхши кутиб олдилар. Кичик укаларини ёнларига олиб, бошқаларига билдирмай, «Мен акангман», деб ўзларини танитдилар.)

70Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда, инисининг юкига бир сув идишни солиб қўйди. Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди. (Яъни, Юсуф (а.с.) оға-иниларининг жиҳозларини ҳозирлаётган ходимларига айтиб, кичик укасининг юкига бир сув идиш қўштириб қўйдилар. Улар жўнаб кетганларидан сўнг, орқаларидан бир одам юбориб, уларни ўғриликда айблади.)

71Улар (ортларидан келганларга) қараб: «Нима йўқотдингиз?» дедилар. (Демак, карвон ортидан фақат овоз чиқариб жар солган киши эмас, бошқалар ҳам борган экан. Оға-инилар уларга қараб туриб: «Нима йўқотдингиз?» дедилар.)

72Улар: «Подшоҳнинг идишини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман», деди. (Яъни, хизматкорлардан бири ҳамманинг номидан юқоридаги гапларни айтди. Лекин карвондагилар ўзларининг айбсиз эканликларига ишончлари комил эди.)

73Улар: «Аллоҳга қасамки, ўзингиз биласиз, биз ер юзида фасод учун келган эмасмиз, биз ўғрилар бўлган эмасмиз», дедилар.

74Улар: «Агар ёлғончи бўлиб чиқсангиз, жазоси нима?» дедилар.

75Улар: «Унинг жазоси, кимнинг юкида топилса, ўшадир. Бас, унинг жазоси ўшадир. Золимни шундай жазолаймиз», дедилар. (Яъни, бизнинг қонун-қоидамиз бўйича, ўғирланган нарса кимнинг юкидан чиқса, ўша одам жазоланади, дедилар.)

76У инисининг юкидан олдин уларнинг юкидан (тафтиш) бошлади. Сўнгра у( идиш)ни унинг юкидан чиқариб олди. Шундай қилиб, Юсуф фойдасига ҳийла қилдик. У подшоҳнинг дини бўйича инисини олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳ хоҳласагина, бўлиши мумкин эди. Кимни хоҳласак, ўшанинг даражасини кўтарамиз. Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор. (Миср подшоҳининг қонуни ўғрига бошқа жазо берарди, уни олиб қолиш мумкин эмас эди. Шунинг учун оға-иниларнинг эътироф қилдириб, Яъқуб (а.с.) дини ҳукми бўйича амал қилишга–ўғрини олиб қолишга йўл очилди.)

77Улар: «Агар бу ўғирлаган бўлса, бундан олдин унинг акаси ҳам ўғирлаган эди», дедилар. Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади. «Ўзингиз ёмонроқ турумдасиз. Аллоҳ сиз васф қилаётган нарсани яхши билгувчи зотдир», деди. (Улар ўзларини оқлаш учун навбатдаги ёлғонни гапирдилар. Энди Юсуфнинг (а.с.) ўзларига у киши ва укалари ҳақида ёлғон тўқимоқдалар. Улар, кичик ўгай ука ўғрилик қилган бўлса, бу ажабланарли эмас, унинг туғишган акаси ҳам олдин ўғрилик қилган эди, бу иш уларниг табиатида бор ўзи, дейишмоқчи.)

78Улар: «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сени яхшилик қилувчилардан эканлигингни кўрмоқдамиз», дедилар.

79У: «Нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қоламиз», деди. (Бошқа ўринларда бўлгани каби, бу сафар ҳам Юсуф (а.с.) нозик ибораларни ишлатиб, ҳеч кимнинг ҳаққига ножўя гап айтмадилар. «Ўғринингг» ё «айбдорнинг ўрнига» демасдан, «нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин», дея марҳамат қилдилар.)

80Ундан умидни узган чоғларида, четга чиқиб, хуфёна маслаҳат қилдилар. Катталари: «Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан васийқа олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида қилган айбингизни билмайсизларми?! Мен токи отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ ҳукм чиқармагунча бу ердан қимирламасман. У ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисидир.

81Отангиз олдига қайтинглар, бас, унга:«Эй отамиз, ҳақиқатда ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат ўзимиз билган нарсага гувоҳлик бердик, холос. Биз ғайбни билувчи эмас эдик.

82Биз бўлган шаҳардан сўра ва у ерда биз учраган карвондан сўра, биз, албатта, ростгўйларданмиз, денглар», деди. (Оға-иниларнинг каттаси бўлиб ўтган воқеадан кейин масъулиятни ҳис этди. Отаси олдига қайтиб боришга журъат қила олмади. Отам айбимни кечиб, ҳузурига боришимга рухсат бермагунча ёки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда бирор ҳукм чиқармагунча Мисрдан ҳеч қаерга қимирламайман. Отамга ваъда берган эдик. У рози бўлиб, ўзи рухсат берса ё Аллоҳ бир ҳукм чиқарса, юртимизга қайтишим мумкин. Сизлар, эй укаларим, юртимизга қайтиб боринглар ва отамизга бўлиб ўтган воқеани айтиб беринглар, деб оятда келган гапларни ўргатди.)

83У: «Йўқ, сизга ҳавои нафсингиз бир ишни яхши кўрсатмиш. Бас, чиройли сабр (қиламан). Шоядки Аллоҳ уларнинг ҳаммасини ҳузуримга жамлаб келтирса. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди. (Яъқуб (а.с.) худди шу гапни Юсуфни (а.с.) йўқотган кунларида ҳам айтган эдилар. Энди йиллар ўтиб, кичик ўғлини йўқотган куни ҳам шу гапни такрорладилар, кетидан Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умид узмаганларини билдириб қўйдилар.)

84Ва улардан юз ўгирди ҳамда: «Оҳ, Юсуф!!!» деб кўзларига оқ тушди. Бас, у дардини ютувчидир.

85Улар: «Аллоҳга қасамки, токи мадордан кетгунингча ёки ҳалок бўлувчилардан бўлгунингча, Юсуфни зикр қилаверасан», дедилар. (Яъни, йўқ бўлиб кетган Юсуфни эслайвериб, ҳолдан тоясан ёки бир йўла ҳалок бўласан, дейишди.)

86У: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани биламан.

87Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар», деди.

88Унинг ҳузурига кирганларида: «Эй Азиз, бизни ва аҳлимизни зарар тутди ва арзимаган сармоя келтирдик. Бас, бизга ўлчовни тўлиқ қилиб бер ва садақа ҳам бер. Аллоҳ, албатта, садақа қилувчиларни мукофотлайдир», дедилар. (Гапларидан кўриниб турибдики, уларнинг аҳволи оғир. Аввалгидек бор нарсаларини озиқ-овқатга алмаштиришга имконлари ҳам қолмаган. Олиб келган моллари жуда арзимас. Садақага муҳтожлар. Аввалги гердайишларидан асар ҳам йўқ.)

89У: «Жоҳиллик пайтингизда Юсуфга ва унинг инисига нима қилганларингизни биласизларми?» деди. (Шунда акаларининг кўз-қулоқлари ялт этиб очилди. Кўзлари Азиз сиймосида Юсуфни кўрди, қулоқлари унинг овозини эшитди.)

90Улар: «Э-э, ҳали сенн сенн Юсуфмисан?!» дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Ҳақиқатда ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», деди.

91Улар:«Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса, хатокорлардан бўлдик», дедилар. (Оғалар бор ҳақиқатни эътироф қилдилар,хато қилганларини ҳам тан олдилар.)

92У: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир. (Ўтган ишга саловот. Бугун сизни биров айбламоқчи эмас, уялтирмоқчи ҳам эмас. Гуноҳларни кечирувчи Аллоҳнинг ўзи.)

93Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар», деди. (Ажабланишга ҳеч ҳожат йўқ. Аввало, Яъқуб (а.с.) ҳам, Юсуф (а.с.) ҳам Аллоҳнинг Пайғамбарлари, ораларида мўъжиза бўлиб, бир кўйлак сабабли дардга шифо етиши ғаройиб иш эмас.)

94Карвон йўлга чиққан вақтда оталари: «Мени ақлдан озган деманглар-у, албатта, мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди. (Яъни, Юсуфнинг кўйлагини олган карвон йўлга чиқиб, Мисрдан жўнаб кетган вақтда Яъқуб (а.с.) ҳузуридагиларга юқоридаги гапларни айтдилар. Юсуфнинг ҳиди Яъқубга (а.с.) қандай етиб борганини Аллоҳнинг ўзи билади. Лекин у кишининг гапларига олдиларида турганлар ишонмадилар.)

95Улар: «Аллоҳга қасамки, сен эски адашувингдасан», дедилар. (Яъни, йўқ бўлиб кетган Юсуфдан ҳали ҳам умидворсан-а, дедилар. Лекин иш бошқача бўлиб чиқди.)

96Хушхабарчи келган чоғида у(кўйлак) ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен, Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» деди.

97Улар: «Эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айт. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз», дедилар.

98У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди. (Шундан сўнг ҳаммалари Яъқуб (а.с.) бошчиликларида юртлари Канъондан Мисрга қараб йўлга тушдилар. Қуръони Карим уларнинг сафарлари ҳақида ҳеч нарса демайди. Балки сўзни улар Юсуф (а.с.) ҳузурларига киришлари саҳнасидан улаб кетади.)

99Юсуф ҳузурига кирган чоғларида у отаси ва онасини ўзига яқинлаштирди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!» деди.

100Ва ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дейдилар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дейдилар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.)

101Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин», деди. (Ушбу оятда Юсуф (а.с.) Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.)

102Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг.

103Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) қавмларига яхшиликни раво кўрганларидан, иймонга келишларини жуда қаттиқ истар эдилар. Шунга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло бу уриниш уларнинг иймонга келишларига сабаб бўла олмаслигини билдирмоқда.)

104Сен улардан бунинг учун ажр ҳам сўрамайсан. У фақат оламлар учун эслатма, холос.

105Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтарлар. (Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.)

106Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос. (Яъни, иймон келтирсалар ҳам, Унга ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса, жуда ҳам кўп.)

107Улар ўзларига Аллоҳдан қамраб олувчи азоб келишидан ёки сезмай турганларида қиёмат ногаҳон келиб қолишидан омондамилар?!

108Сен: «Бу–менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб–ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт. (Яъни, биз йўлимизнинг тўғри эканини аниқ билиб, ишониб туриб чақирамиз. Бизга Аллоҳ таоло ҳидоят ва нур бергандир. Биз бу йўлдан ишонч ва билим ила юрамиз, унга бошқаларни ҳам чақирамиз.)

109Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?! (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с.а.в.) тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги Пайғамбарлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда.)

110Ҳаттоки Пайғамбарлар ноумид бўлиб, ўзларини ёлғончига чиқарилганлар, деб гумон қилиб қолганларида, уларга Бизнинг нусратимиз келадир. Бас, Биз хоҳлаганларга нажот бериладир. Жиноятчи қавмлардан Бизнинг азобимиз қайтарилмас. (Ҳа, Аллоҳнинг нусрати охирги лаҳзада, ҳеч умид қолмаганда келади. Гулга етиш учун тикан заҳрини тотиб кўриш керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Жаннат тиканлар билан ўралгандир», дейдилар.)

111Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир. (Ҳа, ўтган умматларнинг, жумладан Юсуф (а.с.) ва замондошларининг қиссаларида ҳам ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.)

Chapter 13 (Sura 13)

1Алиф. Лом. Мим. Ро. Ушбулар китобнинг оятларидир. Ва сенга Роббингдан нозил қилинган нарса ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар.

2Аллоҳ сиз кўриб турган осмонни устунсиз кўтарган, сўнгра аршга эга бўлган, қуёш ва ойни Ўзига бўйинсундирган зотдир. Ҳар бири номланган ажалгача юрадир. У ишнинг тадбирини қиладир, оятларни муфассал этадир. Шоядки Роббингизга мулоқот бўлишга ишонч ҳосил қилсангиз. (У–Аллоҳ дунёдаги барча ишнинг тадбирини қилади. Ҳа, нима ҳодиса рўй берса, ҳаммаси Аллоҳнинг тадбири биландир, жумладан, юқорида зикр қилинган ишлар ҳам. Ана шундай ишларга қодир Аллоҳ Пайғамбарига ҳақ китобни юбора олмасмиди?! Ана ўша Роббингизга мулоқот бўлганингизда, яъни, қиёматда қайта тирилганингизда иймондан, жумладан, Аллоҳнинг ҳақ китобига бўлган иймондан ҳам сўраласиз.)

3У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратур. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Ҳа, у кўз ўнгингизда ерни чўзиб қўйган зотдир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган.)

4Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумлар, боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, бир хил сув ила суғориларлар ва уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қиламиз. Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак. Улар бир хил ерга экилади, бир хил суғорилади, аммо таъми хилма хилдир. Хурмо ҳам шу. Ер бир, сув бир, лекин мевасининг таъми бир-бириникига ўхшамайди. Хўш, буни ким қилади? Албатта, Аллоҳ.)

5Агар ажабланадиган бўлсанг, уларнинг: «Агар биз тупроқ бўлиб кетсак ҳам, янгидан яратиламизми?!» дейишлари яна ҳам ажабланарлидир. Ана ўшалар Роббиларига куфр келтирганлардир. Ана ўшалар бўйинлари кишанларда бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

6Улар сендан яхшиликдан аввал ёмонлик келтиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, улардан аввал мисоллар ўтмишдир. Ва, албатта, Роббинг одамларнинг зулмига қарамай, улар учун мағфиратлидир. Ва, албатта, Роббинг иқоби шиддатлидир. (Уларга ўхшаган кофир қавмлар кўп ўтган. Улар ҳам буларга ўхшаб Пайғамбарларга қарши чиққан ва турли талаблар қўйган эдилар. Оқибатда ҳаммалари ҳалок бўлганлар. Эндигилар аввал ўтган мисоллардан ибрат олсалар, тавба қилсалар, яхши бўлар эди.)

7Куфр келтирганлар: «Унга Роббидан бир оят нозил қилинса эди», дерлар. Сен фақат огоҳлантирувчисан, холос. Ва ҳар қавмнинг ҳидоятчиси бордир. (Ҳа, Пайғамбар кишиларни куфрнинг, исённинг ва гуноҳкорликнинг оқибатидан огоҳлантиради, холос. У одамлар сўраган оят-мўъжизаларни келтиришга масъул эмас. )

8Аллоҳ ҳар бир урғочининг ҳомиласини ҳамда бачадонлар нуқсон ёки зиёда қиладиган нарсаларни биладир. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир.

9У зот ғойибни ҳам, шоҳидни ҳам билгувчидир. У буюкдир, юксакдир.

10Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлсаю ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир.

11Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Аллоҳ Ўзи юқорида зикр қилганидек, бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса, Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.)

12У сизларга чақмоқни хавф ва тамаъ қилиб кўрсатади ва оғир булутларни пайдо қилади.

13Ва момақалдироқ (раъд) Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтадир ва фаришталар ҳам ундан қўрққанларидан (тасбиҳ айтадир). У чақмоқларни юборадир ва улар ила хоҳлаган одамларини, улар Аллоҳ ҳақида талашиб турганларида, урадир. У қаттиқ ушлайдиган зотдир. ( Инсон момақалдироқнинг овозидан даҳшатга тушади, бу овоз унга қўрқинчли бир қувват бўлиб туюлади, аслида эса, момақалдироқ ўзининг Холиқига–Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтаётган бўлади.)

14Ҳақ даъвати Уникидир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса, ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга ўхшарлар. Ҳолбуки, унга етмас. Кофирларнинг дуоси залолатдан ўзга ҳеч нарса эмасдир.

15Аллоҳга осмонлару ерлардаги кимсалар ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч сажда қилурлар. («Осмонлардаги кимсалар» фаришталар ва яна уларга ўхшаган-ўхшамаган ёки умуман бошқа махлуқлар бўлиши мумкин. «Ердаги кимсалар» деганда эса, инсонлар ва жинлар тушунилади. Уларнинг ҳаммаси, хоҳласалар ҳам, хоҳламасалар ҳам, Аллоҳ таолога сажда қиладилар, Унга таслимдирлар, У жорий этган қонунларга бўйинсуниб яшайдилар. Нафақат уларнинг жасадлари, балки соялари ҳам Аллоҳнинг амрига эртаю кеч бўйинсунадилар–сажда қиладилар. Бирорта соя ўз эгасининг хоҳишига биноан тушмайди, унинг хоҳлаганича ҳам бўлмайди.)

16Сен: «Осмонлару ернинг Робби ким?» деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин. «Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У бирдир, Қаҳҳордир», дегин.

17У зот осмондан сув туширди. Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди. Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир. Аллоҳ ҳақ ва ботилга мана шундай зарбулмасал келтирур. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Одамларга манфаат берадиган нарса эса, ер юзида қолди. Аллоҳ мисолларни ана шундай келтирадир. (Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади.)

18Роббиларига ижобат этганларга гўзаллик бордир. Унга ижобат этмаганларга эса, агар ер юзидаги ҳамма нарсалар ва яна шунчасига эга бўлсалару уни фидо қилсалар ҳам, ана ўшаларга ёмон ҳисоб бўлур ва жойлари жаҳаннамдадир. У қандай ҳам ёмон жойдир.

19Сенга Роббингдан нозил қилинган нарса, албатта, ҳақ эканини биладиган кимса кўр одамга ўхшармиди? Буни, албатта, ақл эгаларигина эслайдилар.

20Улар Аллоҳнинг аҳдига вафо қиладиган ва мийсоқни бузмайдиганлардир. (Бу ояти каримадаги аҳд барча аҳдларни ўз ичига олади, бу аҳдларнинг аввалида иймон аҳди туради. Бу ояти каримадаги мийсоқ ҳам барча мийсоқларини ўз ичига олади.)

21Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан чўчирлар ва ёмон ҳисобдан қўрқарлар. (Бу ишларнинг бошида «силайи раҳм»–қариндошлик алоқаларини боғлаш, уларга яхшилик қилиш туради. Шунингдек, бева-бечора, етим-есир ва барча муҳтожларга, бутун мавжудодга яхшилик қилишлик мусулмон инсонга вазифа қилиб юклатилгандир.)

22Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир.

23Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб:

24«Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!!!» (дерлар). (Мазкур жаннатга ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлсин учун ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар.)

25Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор.

26Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганиникини) тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос.

27Ва куфр келтирганлар: «Унга Роббидан бир оят-мўъжиза тушса эди», дерлар. Сен: «Албатта, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказадир ва Ўзига йўналганларини ҳидоят қиладир», деб айт.

28Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми? (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.)

29Иймон келтирганлар ва яхши амалларни қилганларга хушнудлик ва гўзал маскан бор.

30Шундай қилиб, сени ўзларидан олдин ҳам умматлар ўтган бир умматга уларга ўзингга ваҳий қилган нарсамизни тиловат қилиб беришинг учун юбордик. Ҳолбуки, улар Роҳманга куфр келтирурлар. Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт.

31Агар Қуръон ила тоғлар жилдириладиган, ер парчаланадиган ёки ўликлар тилга киритиладиган бўлганида (имкони бор эди). Аммо ишнинг барчаси Аллоҳга хосдир. Иймон келтирганлар, агар Аллоҳ хоҳласа, одамларнинг ҳаммасини ҳидоят қила олишини билмадиларми? Куфр келтирганларга то Аллоҳнинг ваъдаси келгунча ўз ишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас. (Қуръоннинг иши ҳам Аллоҳга хосдир. Аллоҳ Қуръонни одамларга хитоб этиш учун, уларнинг қалбларига таъсир ўтказиш учун нозил этди. Бу билан эса, тоғларни жойидан жилдиришдан, ерни парчалашдан ёки ўликларни тилга киритишдан кўра улканроқ ишлар қилинди. Бутун дунё халқларининг тарихи жойидан жилдирилди, қалбларидаги, фикрлардаги тошлар, музлар парчаланди ва халқларнинг руҳига жон кирди.)

32Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинганлар. Бас, куфр келтирганларга муҳлат бердим. Сўнгра, уларни ушладим. Бас, иқобим қандоқ бўлган эди?!

33Ҳар бир жоннинг қилган касби устидан турувчи зот ким? Аллоҳга ширк келтирдилар. Сен:«Уларнинг номларини айтинг. Ёки Унга ер юзида У билмайдиган нарсанинг хабарини берасизларми? Балки, юзаки гапдир», дегин. Йўқ, куфр келтирганларга макрлари зийнатлаб кўрсатилди ва улар йўлдан тўсилдилар. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас. (Демак, гап бошқа ёқда экан. Кофирларнинг дину диёнатга қарши қилаётган макр-ҳийлалари уларга зийнатлаб кўрсатилибди. Улар, бу қилаётган ишимиз тўғри ва гўзалдир, деб ўйладилар. Макр-ҳийлаларида давом этавердилар. Оқибатда эса, Аллоҳнинг йўлидан тўсилдилар. Залолатга кетдилар.)

34Уларга бу дунё ҳаётида азоб бор. Албатта, охират азоби машаққатлироқ. Улар учун Аллоҳдан сақловчи бўлмас.

35Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса, дўзахдир.

36Биз китоб берганлар, сенга нозил қилинган нарсадан хурсанд бўлурлар. Гуруҳлар ичида унинг баъзисини инкор қиладиган кимсалар ҳам бор. Сен: «Албатта, мен Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка амр қилиндим. Унгагина даъват қиламан ҳамда қайтишим ҳам Унгадир«, деб айт.

37Шунингдек, Биз уни арабий ҳукм этиб нозил қилдик. Агар сен ўзингга келган илмдан сўнг уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, сен учун Аллоҳдан на бир дўст ва на бир сақловчи бўлмас.

38Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ато қилганмиз. Ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Ҳар бир ажалнинг ўз китоби бордир. (Яъни, сенинг оддий башар бўлишингнинг ажабланадиган жойи йўқ. Биров, бу ўзимизга ўхшаган одам экан, унга иймон келтирмайман, агар фаришта бўлганида иймон келтирар эдим, дейишга ҳаққи йўқ. Биз доимо оддий одамларни Пайғамбар қилиб келганмиз, фаришталарни эмас. Ўша сендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг ҳам сенга ўхшаб оиласи, бола-чақалари бўлган.)

39Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она китоб Унинг даргоҳидадир. (Дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси ва бошқа нарсалар ёзилган она китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир.)

40Уларга ваъда қилганимизнинг баъзисини сенга кўрсатармиз ёки сени (ундан олдин) вафот этдираримз. Албатта, етказиш сенинг зиммангда, ҳисоб қилиш Бизнинг зиммамиздадир.

41Биз ерга келиб, унинг атрофидан қисқартириб бораётганимизни кўрмайдиларми?! Ҳукмни Аллоҳ қиладир. Унинг ҳукмини таъқиб қилгувчи йўқ. У ҳисоби тез зотдир. (Кофирлар вақт ўтиши билан ердаги ҳайротлар камайиб бораётганини кўрмайдиларми? Бой-бадавлат, ҳайротларга тўла юртлар аҳолисининг кофирлиги туфайли бойлиги, давлати ва ҳайротларидан жудо бўлаётганларини кўрмайдиларми? Уни биз қилмоқдамиз. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ҳукм қила олмайди. Агар У бирор юртни таназзулга учрашига ҳукм қилса, ўша бўлади. Агар ишонмайдиган бўлсалар, тарихга бир назар солсинлар.)

42Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилдилар. Аммо барча макрлар Аллоҳнинг (илкидадир). У ҳар бир жон нима қилишини биладир. Яқинда кофирлар оқибат диёри кимга бўлишини билажаклар.

43Куфр келтирганлар: «Пайғамбар эмассан», дерлар. Сен: «Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб илми бор кимсалар етарли гувоҳдир», деб айт.

Chapter 14 (Sura 14)

1Алиф. Лом. Ро. Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик.

2Аллоҳ осмонлару ердаги нарсалар Уники бўлган зотдир. Кофирлар ҳолига шиддатли азобдан вой бўлсин.

3Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар ва у(йўл)нинг эгри бўлишини хоҳлайдиганлардир. Ана ўшалар йироқ адашувдадирлар. (Қаттиқ азобдан ҳолига вой бўладиган кофирларнинг шундай ҳолатга тушишининг сабаблари ушбу оятда келтирилади. Улар дунёни охиратдан устун қўйганлари учун иймон йўлига юра олмайдилар. Фақат бу дунёни кўзлаган одам беш кунлик ҳаётида кўпроқ матоҳга эришиш учун ўлиб-тирилади. Ҳаром-харишга қўл уради. Одамларнинг ҳаққини ейдии Одамларга зулм, хиёнат қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в.): «Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир», деганлар.)

4Қайсики Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказадир, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир. У азиз ва ҳикматли зотдир. (Бутун оламларга ва барча қавмларга Пайғамбар бўлган Ҳазрати Муҳаммадга (с.а.в.) ҳам араблар тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бошқа Пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад (с.а.в.) қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар Пайғамбар қилиб юборилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.)

5Батаҳқиқ, Биз Мусони оятларимиз ила: «Қавмингни зулматлардан нурга чиқар ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслат! Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукрли учун ибратлар бордир», деб юбордик.

6Ўшанда Мусо қавмига: «Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг; вақтики, у сизни Оли Фиръавндан қутқарди. Улар сизга бардавом ёмон азоб берардилар. Ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирардилар. Ана ўшанда Роббингиздан буюк синов бордир», деган эди. (Яъни, азоб-уқубатга дучор қилиш бир синов. Ундан қутулиш неъматини бериш иккинчи бир синовдир. Биринчисида банда сабр қилиб, иккинчисида шукр қилиб синовдан ўтиши керак.)

7Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.

8Мусо: «Агар сиз ва ер юзидаги кимсалар ҳаммангиз куфр келтирсангизлар ҳам, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деди. (Демак, шукр этган киши ўзига фойда келтиради. Куфр қилган одам ўзига зарар орттиради. Аллоҳ шундоқ ҳам беҳожат ва мақталган зотдир.) Эй Муҳаммад уммати!

9Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Улар эса, қўлларини оғизларига қўйиб: «Биз сиз бизни чақираётган нарсада шубҳалантирувчи шакдадирмиз!» дедилар. (Яъни, ўша нобакор қавмлар овозлари баланд чиқиши учун қўлларини оғизларига карнай қилиб қўйиб: »Биз сиз орқали Аллоҳ томонидан юборилган динга куфр келтирдик. Биз сиз даъват қилаётган нарсада кучли шак ва шубҳадамиз!« дедилар. Демак, улар ўзларини зулматлардан нурга олиб чиқиш учун Аллоҳ томонидан келган ҳодий Пайғамбарларга нисбатан беодобларча муносабатда бўлдилар.)

10Пайғамбарлари уларга: «Осмонлару ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳга шак борми? У сизларни гуноҳларингизни мағфират қилишга ва ўзингизни маълум муддатга қолдиришга чақирмоқда-ку!« дедилар. Улар эса: «Сиз бизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмассиз. Бизни оталаримиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчисиз. Бас, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтиринг», дедилар. (Барча қавм кофирлари барча Пайғамбарларга шу гапни айтганлар. Уларнинг ўз оталари нимага ибодат қилиб юргани билан ишлари йўқ. Оталари ибодат этган нарса нима бўлса ҳам, бари бир. У нарсалар бир қийматга арзийдими? Уларга ибодат қилиш лозимлиги ҳақида бирор далил борми? Бу ва бунга ўхшаш саволлар билан ишлари йўқ. Аммо Аллоҳ томонидан очиқ ҳужжатлар билан келган Пайғамбарлардан (а.с) яна ҳужжат-далил сўрайдилар.)

11Пайғамбарлари уларга: «Биз сизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмасмиз. Лекин Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга (Пайғамбарлик) инъом қилур. Биз ўзимизча сизга бирор ҳужжат келтира олмаймиз, илло Аллоҳнинг изни ила. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар. (Яъни, бу гапингиз тўғри. Биз фаришта ҳам ёки бошқа бир олий мақомли алоҳида зот ҳам эмасмиз. Бироқ бу дегани одам зотидан Пайғамбар бўлиши мумкин эмас деган гап эмас. Тўғри, биз башармиз.)

12Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», дедилар.

13Куфр келтирганлар ўз Пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан чиқариб юборамиз ёки, албатта, миллатимизга қайтасизлар», дедилар. Бас, Роббилари уларга: «Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз.

14Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, мақомимдан хавф қилганлар ва таҳдидимдан қўрққанлар учундир», деб ваҳий қилди. (Аллоҳ таоло, Пайғамбарларнинг кўнгилларини тинчлантириб, башорат берди. Золимлар албатта ҳалок бўлишини таъкидлади. »Золимлар« деганда кофирлар кўзда тутилади. Чунки куфр энг катта зулмдир. Ўша кофир золимларни ҳалок этгандан сўнг у ерга сизларни, яъни, Пайғамбарларни ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларни жойлаштирамиз, деди. У ерга кимки менинг мақомимдан қўрқса, ўзидан кетиб ҳаддидан ошмаса, ўша жойлашади, деди.)

15Фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабрчи, саркаш кимса ноумидликка учради.

16Унинг ортида жаҳаннам бордир. Йиринг сув ила суғориладир.

17Уни ютишга уринади-ю, юта олмас. Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, ўла олмас. Унинг ортидан эса, қаттиқ азоб бор. (Жаҳаннамда уларга алвон-алвон азоблар берилади. Жумладан, ўша жабрчи-саркаш жаҳаннам оловида ёниб-чанқаб сув сўраганида, унга йиринг берилади. Йирингни оғизга олишнинг ўзи қаттиқ азоб. Уни чанқоқбосди учун ичиш икки карра азоб,уни юта олмай қийналиш азобдир. Ўлимни ўйлашнинг ўзи бир азоб. Ўлимнинг келиши баттарроқ азоб. Энди такрор ва такрор ўлим келиб туриб ўла олмаслик мислсиз азобдир.)

18Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир. (Ҳар қандай амал, агар эгасида кофирлик бўлса, бехудага айланади. Кофирлик ҳар қандай яхши амални худди кулга ўхшатиб кераксиз қилиб қўяди. Чўғи йўқ кул бефойда нарсага айланиб, уни шамол тўзитиб учириб кетганидек, кофирларнинг амаллари ҳам бехуда кетади. Улар турли амалларни қилишлари мумкин, аммо фойда ола билмайдилар.)

19Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила яратиб қўйганини кўрмадингми? Агар истаса, сизларни кетказиб, янги халқ келтиради.

20Бу эса, Аллоҳ учун қийин эмас.

21Уларнинг ҳаммалари Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлдилар. Бас, заифлар мутакаббирларга: «Албатта, биз сизларга тобе бўлган эдик. Энди, сизлар устимиздаги Аллоҳнинг азобидан бирор нарсани енгиллата оласизларми?» дедилар. Улар: «Агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни, албатта, ҳидоят қилар эдик. Биз учун энди, дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, бари бир. Биз учун қочар жой йўқ», дедилар. (Заифлар–бу дунёда заифҳол бўлиб ўзидан кучли, ақлли, юқори мансабдорларга эргашиб гуноҳ этганлар қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида ишининг чатоқ эканлигини англаб етиб, ўз хўжайинларига юазкур мурожаатни қиладилар.)

22Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса, сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди. (Бу дунёда ҳар ишнинг бошида турган, ҳар қилмишга бош-қош бўлган лаънати шайтон у дунёда ҳамма иш битиб, ҳукм чиққандан сўнг пайдо бўлади. Бир-бирини маломат қилиб турган кучлию заиф, эргашгану эргаштирган атбоъларига қараб, сўз бошлайди.)

23Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилурлар. Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари «Салом»дир. (Демак, ҳар бир нарса ўз жойини топди. Мантиқий ва адолатли ниҳояга етди. Шайтон ва унга эргашганлар дўзахнинг даҳшатли азобига маҳкум бўлдилар. Пайғамбарлар ва уларнинг мўмин умматлари жаннат ва унинг моддий-маънавий неъматларига эришдилар.)

24Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. (Яхши сўз, ҳақ сўз иймон сўзидир. У сўзни Аллоҳ таоло бир яхши, соғлом дарахтга ўхшатмоқда. Бу дарахтнинг асли собитдир. Унинг томирлари ерга чуқур илдиз отгани учун мустаҳкамдир. Турли шамоллар, бўронлар ва бошқа омиллар уни жойидан қимирлата олмайди. Айни чоқда, бу дарахтнинг шохлари осмонда, юксакликдадир. У доимо мева бериб туради. Иймон ҳам худди шу яхши дарахтга ўхшайди. Асли мустаҳкам. Ҳеч нарсадан таъсирланмайди. Мартабаси олий. Доимо самарасини ҳам бериб туради.)

25Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир. Аллоҳ, шояд эсласалар, деб одамларга мисоллар келтирадир.

26Ёмон сўзнинг мисоли, худди ёмон дарахтга ўхшайдир. У ердан узилиб қолган, унинг қарори йўқдир. (Ёмон сўз,куфр сўздир. У илдизи ердан узилган, қўпорилган, беқарор бир дарахтга ўхшайди. Суврати, шакли дарахтни эслатади. Аммо унинг на ерга чуқур илдиз отган томири, на осмонга кўтарилган шохлари ва на меваси бор. Шунга ўхшаб, куфрнинг ҳам асли мустаҳкам эмас. Сал нарсага қулайди. Мақташга арзимайди. Берадиган самараси ҳам йўқ.)

27Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур.

28Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирган ва қавмларини ҳалокат диёрига туширганларни кўрмадингми? (Ўйлаб кўргин, бу нарса таажжубланарли эмасми? Аллоҳ бир қавмга ўзларидан Пайғамбар юбориб, уларни иймонга, Исломга даъват қилса, охирги илоҳий китоби Қуръонни индириб, ҳеч кимга бермаган улуғ неъматини ато этса-ю, гумроҳ қавм бу неъмат ўрнига куфрни ихтиёр қилса! Иймонни куфрга алмаштириб олса! Ўзларига қўшиб қавмларини ҳам ҳалокат диёрига туширсалар!)

29Улар жаҳаннамга кирурлар. Бу қандоқ ҳам ёмон қароргоҳ! (Ҳа, ҳалокат диёри дейилганидан мурод жаҳаннамдир. Улар ўша жаҳаннамга кирадилар. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жой.)

30Улар Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун Унга тенгдошлар қилдилар. Сен уларга: «Ҳузурланиб қолинг! Бас, албатта, борадиган жойингиз дўзахдир», деб айт! (Одамларни Аллоҳнинг йўлидан адаштириб, ўзингиз айтган йўлга юргизиб, гапингизни қилдириб, ўзингизча ҳузурланяпсизми? Майли, ҳозирча ҳузурланиб тураверинг. Аммо билиб қўйингки, албатта, охир-оқибат борадиган жойингиз жаҳаннамдир.)

31Сен иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар.

32Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган зотдир.

33У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди.

34Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир.

35Эсла, Иброҳим демишди: «Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин.

36Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан. (Иброҳим (а.с.) ўз даврларида ва ундан олдинги замонларда бут-санамлар кўплаб кишиларнинг залолатга кетишига сабаб бўлганини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам ушбу маънодаги дуони қилдилар.)

37Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан, сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар. (Аллоҳ таоло Иброҳимнинг (а.с.) бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнию аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди. Фақат, ўша ер аҳолисининг шукр қилиши қолди, холос.)

38Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши биласан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас.

39Кексалик пайтимда менга Исмоил ва Исҳоқни ато қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Роббим дуони эшитгувчидир. (Маълумки, Иброҳим (а.с.) узоқ вақт фарзанд кўрмаганлар. Тўқсон ёшларида Исмоил (а.с.), сўнгра Исҳоқ (а.с.) дунёга келган. Кекса кишига фарзанд бериш Аллоҳнинг улуғ неъматидир.)

40Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин.

41Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин».

42Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос.

43Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайдир. Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур. (Уларнинг кўзлари даҳшатдан қотиб қолган. Атрофларидаги даҳшатли нарсалардан узилмайди. Ўзларига қайтмайди. Қўрқув туфайли бўм-бўш бўлиб қолган кўнгилларига бирон нарса сиғмайди.)

44Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, Сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз», дерлар. Бундан олдин сизларга завол йўқлигига қасам ичмаган эдингизми?!

45Ва ўзига зулм қилганларнинг масканларига жойлашмадингизми? Сизга уларни қандай қилганимиз равшан бўлмадими? Сизга мисоллар келтирмадикми? (Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (с.а.в.) ўзларининг асосий ишлари–одамларни огоҳлантиришда бардавом бўлишни амр этмоқда. Бошқа нарса билан, яъни, кимга иқоб тез келяптию кимга келмай тургани билан ишинг бўлмасин. Қиёмат куни ҳамманинг кўзи мошдай очилиши турган гап.)

46Дарҳақиқат, улар ўз макрларини қилдилар. Ҳолбуки, уларнинг макрлари, гарчи макрларидан тоғлар заволга учрайдиган бўлса ҳам, Аллоҳнинг ҳузуридадир. (Кофир-мушриклар Пайғамбарга (с.а.в.), мўминларга, динга қарши қўлларидан келган барча макрларни қилдилар. Аммо уларнинг макрлари ҳар қанча кучли ҳатто тоғларни йўқ қилиб юборадиган даражада бўлмасин, ҳеч нарса қила олмайдилар. Чунки уларнинг барча макрлари Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир, У ҳаммасини кўриб, билиб туради. Ўзи хоҳлаганича тасарруф қилади.)

47Сен, Аллоҳ Пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб гумон қилма. Албатта, Аллоҳ азиз ва интиқом эгасидир.

48Ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам бошқа осмонларга алмаштириладиган, ёлғиз ва қаҳҳор Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлишадиган Кунда бўлади. (Яъни, қиёмат кунининг даҳшатидан бизга ҳозир жуда ҳам улкан бўлиб кўриниб турган Ер бошқача, умуман бошқа ерга айланиб қолади. Шунингдек, осмонлар ҳам ўзгариб кетади. Одамларнинг ҳаммаси Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб учун йиғиладилар. Ўшандай кунда Аллоҳ Пайғамбарларга ва уларга эргашган мўминларга нажот беради. Золим ва кофирлардан интиқом олади.)

49Ва у кунда жиноятчиларни кишанлар ила тўпланган ҳолларида кўрасан.

50Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов қоплагандир.

51Аллоҳ ҳар бир жонга қилган касбига яраша жазо бериши учундир. Албатта, Аллоҳ тез ҳисоб қилгувчидир.

52Бу(Қуръон) одамлар учун, уларнинг у ила огоҳлантирилишлари, У ягона илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслашлари учун баёнотдир.